The Guardian толиблар даврида Афғонистонда аёлларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ 231 та ҳолатни аниқлаган

Лиза Шамс, февраль ойида вафот этган. Унинг оиласи Лиза эри Ҳасибулла Сарварий томонидан ўлдирилган деб ҳисоблайди. The Guardian фотосурати

Толиблар ҳокимияти даврида Афғонистонда ўз оиласидаги аёлларни ўлдирган эркакларни амалда жазосиз қолишини кафолатлайдиган тизим шаклланган. The Guardian нашри Zan Times таҳририяти билан ҳамкорликда ўтказган суриштирувга кўра, гап мамлакатнинг турли вилоятларида қайд этилган ўнлаб ҳолатлар ҳақида бормоқда. Zan Times муҳожирликда фаолият юритади ва мамлакат ичидаги журналист аёллар тармоғи орқали маълумот тўплайди.

Журналист аёллар 2021 йил август ойида толиблар ҳокимият тепасига келганидан буён Афғонистоннинг 34 вилоятидан 10 тасида аёлларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ 231 та ҳолат ҳақида маълумот тўплаган. Уларнинг 174 таси маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан қайд этилган, яна 57 та ҳолатни журналистлар ўзлари ҳужжатлаштирган ва улар аввал ҳеч қаерда эълон қилинмаган.

Ҳалок бўлганлар сони энг кўп Жаузжон (36 нафар), Ҳирот (32), Бадахшон (28) ва Ғазни (26) вилоятларига тўғри келган. Қурбонларнинг ёши беш ёшдан 65 ёшгача бўлган. Ҳалок бўлганларнинг ўндан етти қисми — 231 нафардан 165 нафари — ўз даромадига эга бўлмаган ва оиладаги зўравонликдан ўзини ҳимоя қилиш учун бирор-бир институционал имкониятга эга бўлмаган уй бекалари бўлган. 231 та ҳолатдан атиги 58 таси бўйича ҳибсга олиш амалга оширилган, кўп ҳолларда эса қўлга олинганлар бир сутка ўтибоқ озод қилинган. Ҳар бешта ўлим ҳолатидан биттасидан кўпроғи расман ўз жонига қасд қилиш сифатида таснифланган, ҳатто зўравонлик билан ўлим юз берганини кўрсатувчи аниқ белгилар мавжуд бўлган ҳолларда ҳам. Жаузжон вилоятидаги тиббиёт ходимининг сўзларига кўра, «ўз жонига қасд қилиш» тамғаси билан шифохонага олиб келинган кўплаб аёлларнинг танасида калтаклашдан қолган жароҳатлар ва кўкаришлар бўлган.

Суриштирувнинг асосий воқеаларидан бири — 33 ёшли Лиза Шамснинг 1 февраль куни вафот этгани бўлган. Ўлимига сал олдин ёзиб қолдирган овозли хабарларида у эри Ҳасибулла Сарварий ҳомиладорлиги вақтида уни калтаклагани ва ёлғиз ҳолда сақлаганини айтган. Суд-тиббий экспертиза хулосасида юз суяклари ва бурун атрофидаги бўшлиқлар деворларининг кўплаб синишлари, кенг кўламли гематомалар ва танасининг турли қисмларида жароҳатлар қайд этилган. Бироқ, расмий ўлим сабаби каламуш заҳридан заҳарланиш деб кўрсатилган. Марҳума отасининг айтишича, эрининг оиласи талаби билан патологоанатомик текширув ўтказилмаган. Эрининг қариндошлари журналистларнинг саволларига жавоб бермаган, бироқ аёл ўз жонига қасд қилганини таъкидлашган.

Яна бир ҳолат — Кобулдаги БМТ агентликларидан бирида ишлаган 33 ёшли Фрешта Эмадийнинг ўлимидир. У 31 май куни уйида ўлик ҳолда топилган. Эри “Толибон” полициясига уни руҳий касаллик туфайли ўз жонига қасд қилганини айтган. Бироқ, марҳуманинг беш нафар таниши журналистларга у 15 йил давомида калтаклаш ва бўғишларга дучор бўлганини айтиб берган. Ҳамкасбларидан бири эрининг уни сўйиб ташлаш билан таҳдид қилганини эслаган.

Суриштирув қизларини ҳимоя қилишга урингани учун уларнинг қариндошлари ҳам жазога дуч келганини кўрсатади. Қандаҳор вилоятида анча катта ёшдаги эркакка турмушга берилган 14 ёшли қиз зўравонликдан қочиб, отасининг уйига кетган. 2024 йил октябрь ойида унинг эри — “Толибон”* ҳаракатининг амалдаги аъзоси — қизини отиб ўлдирган ва уни ҳимоя қилишга уринган укасини оғир яралаган. Жиноий иш қўзғатилган, аммо ҳибсга олиш амалга оширилмаган. Сари-Пул вилоятида эса май ойида 16 ёшли Сара ва унинг онаси Чаман ўлдирилган. Эронда таълим олган шифокор Чаман қизини маҳаллий толиблар амалдорига олдиндан келишилган қалин пулисиз беришдан бош тортган. Аёллар отиб ўлдирилган, гумонланувчи эса қидирув тадбири натижасида қўлга олинган.

2021 йил августидан сўнг аёлларни институционал ҳимоя қилиш тизими амалда тугатилган. Толиблар Аёллар ишлари бўйича вазирликни, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича махсус прокуратурани ва бошпаналар тармоғини тугатган, қарийб 250 нафар аёл судяни лавозимидан четлаштирган ва аёл прокурорларни уйига жўнатишган. Илгари аёлларнинг ўлдирилиши бўйича статистика юритган Бош прокуратура 2023 йилда тугатилган. Шундан сўнг амалдаги ҳокимият бу борада ҳеч қандай статистика юритмаяпти.

Толибларнинг янги Жиноят кодексига кўра, хотинини кўриниб турган жароҳатлар, жумладан, синишларгача олиб келадиган даражада калтаклаган эркак учун жазо 15 суткагача қамоқ билан чекланади. Агар аёл эрининг рухсатисиз ота-онасининг уйига кетса, оила эса уни эрининг талаби билан қайтаришдан бош тортса, аёлнинг ўзи ҳам, унинг қариндошлари ҳам уч ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Афғонистон қонунчилиги энди аёлга ўз ишида бевосита тараф бўлиш имконини бермайди. Масалан, Тахор вилоятида 2025 йил май ойида эри пичоқлаб, кейин танасига ўт қўйган 23 ёшли аёлнинг онасига суд унинг ишини юритиш бўйича ишончномани эрига беришни буюрган. Бунга «аёл ариза ёки ишда бевосита тараф бўла олмайди» деган асос келтирилган.

«БМТ-Аёллар» тузилмаси томонидан 2025 йил июнь ойида эълон қилинган Афғонистон гендер индексига кўра, толиблар ҳокимиятга келгунга қадар ҳам мамлакатда гендер зўравонлиги кўлами жаҳон ўртача кўрсаткичидан қарийб уч баравар юқори бўлган. 2018 йилда афғон аёлларининг қарийб 35 фоизи сўнгги бир йил давомида турмуш ўртоғи томонидан зўравонликка учраганини билдирган, жаҳонда бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил этган.

Суриштирув муаллифлари таъкидлашича, ҳужжатлаштирилган 231 та ҳолат Афғонистонда аёлларнинг ўлдирилиши бўйича тўлиқ статистика эмас, балки мавжуд қонуниятлар ва жазосизлик кўламини кўрсатувчи маълумотлар тўпламидир. Бир неча вилоятда журналист аёллар ҳалок бўлганларнинг оилалари билан боғланишга уринганидан сўнг таҳдидларга дуч келган. Лиза Шамснинг аудиоёзувлари ва тиббий ҳужжатларини ижтимоий тармоқларда эълон қилиб келаётган отасининг сўзларига кўра, Лизани шифохонага олиб борган қизлари толиблар томонидан чақиртирилган ва ҳозирда улар яшириниб юришга мажбур бўлишган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ