Хитойнинг Star.Vision компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқилган сунъий интеллект технологияларига асосланган модуль билан жиҳозланган Samarkand-2028 гиперспектрал сунъий йўлдошини муваффақиятли учирди. Бу ҳақда Марказий Осиё республикасининг Рақамли технологиялар вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, сунъий йўлдош Шаньдун вилояти соҳиллари яқинидаги денгиз старт платформасидан коинотга учирилган.
Samarkand-2028 билан бир вақтда Хитойнинг Lampung-1 сунъий йўлдоши ҳам учирилган. Унинг парвози ҳам режа асосида муваффақиятли амалга оширилган.
Рақамли технологиялар вазирлиги таъкидлашича, мазкур учириш Ўзбекистоннинг миллий космик дастури ривожида янги босқични бошлаб берадиган энг йирик халқаро лойиҳалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, у Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Samarkand-2028 сунъий йўлдошининг борт тизими учун махсус сунъий интеллект модули «Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу технология гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини беради. Бу эса маълумотларни узатиш ва кейинги таҳлил қилиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.
Хитойлик ҳамкорлар томонидан коинотга учирилган мазкур аппарат қишлоқ хўжалиги, экология, шаҳарсозлик ва бошқа стратегик аҳамиятга эга соҳаларда илғор технологияларни қўллаш имкониятларини янада кенгайтиради. Шунингдек, сунъий йўлдош табиий ресурсларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда фавқулодда вазиятларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга хизмат қилади.
«Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг жаҳон космик ҳамжамиятидаги иштирокини кенгайтириш, миллий муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект ва космик технологиялар йўналишида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади», — дейилади вазирлик хабарида.
Кеча, 4 август куни, сунъий йўлдошнинг учирилиш жараёни акс этган видео тарқалди. Унда хитойлик мутахассислар томонидан амалга оширилган кенг кўламли тайёргарлик ишлари намойиш этилган.
2025 йил декабрь ойида Ўзбекистон расмийлари президент Шавкат Мирзиёевга мамлакатда сунъий интеллект модули билан жиҳозланган сунъий йўлдош ишлаб чиқилаётгани ҳақида ахборот берган эди. Ўшанда мазкур космик аппарат Ер юзасини масофадан туриб кузатиши, у олган тасвирлар эса ҳаво сифати, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонлар ҳолатини мониторинг қилишда қўлланилиши таъкидланган эди.
ℹ️ Samarkand-2028 номи рамзий маънога эга. У ўтган йили бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгресси (IAC) қарори билан боғлиқ бўлиб, унга кўра, 2028 йилги мазкур нуфузли халқаро анжуманга Самарқанд шаҳри мезбонлик қилади.



