Эрон бир неча ҳафта ичида Хитойда ишлаб чиқарилган биринчи партиядаги кўчма ҳаво мудофааси воситаларини қабул қилиши мумкин. Гап энг кўпи билан 400 та мажмуа етказиб бериш бўйича шартнома ҳақида кетмоқда, аммо Теҳрон ҳам, Пекин ҳам ушбу келишув тузилганини тасдиқламаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги уч нафар хабардор манбага таянган ҳолда маълум қилди.
Reuters маълумотларига кўра, келишув 300–400 та кўчма зенит-ракета мажмуалари, жумладан QW-12 ва FN-16 ракеталарини қамраб олади. Шартнома қиймати тахминан 60–70 миллион долларни ташкил этади. Бундай қуроллар нишонни инфрақизил нурланиш орқали аниқлайди ва асосан вертолётлар, дронлар ҳамда паст баландликда ҳаракатланувчи самолётларга қарши қўллаш учун мўлжалланган.
Reuters манбалари таъкидлашича, буюртмани расмийлаштиришда воситачи сифатида Гонконгда рўйхатдан ўтган Zhongqing Baoshang International Investment компанияси иштирок этган. Тахмин қилинаётган логистика схемасига кўра, юк Хитойнинг Урумчи шаҳри аэропортларидан самолётлар орқали жўнатилиши, кейин эса Покистон ҳудуди орқали олиб ўтилиши керак бўлган. Манбалар ушбу босқичда етказиб бериш ҳаво ёки қуруқлик орқали амалга оширилиши режалаштирилгани ҳақида аниқ маълумот бермаган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ушбу хабарни асоссиз деб атади ва Пекин аксинча, можарони тўхтатишга кўмаклашаётганини билдирди. Покистон қуролли кучлари матбуот хизмати ҳам мамлакат Эронга Хитой ҳаво мудофааси тизимларини етказиб беришга алоқадор экани ҳақидаги маълумотларни рад этди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги ва Гонконгдаги воситачи компаниянинг бош тузилмаси агентлик сўровига тезкор жавоб бермаган.
Европалик манба агентликка маълум қилишича, QW оиласига кирувчи мажмуалар бўйича бир нечта эҳтимолий келишувлар мавжуд ва улар доирасида QW-18, QW-19 ҳамда QW-12 моделлари тилга олинган. Яқин Шарқ минтақасидан бўлган яна бир манба Теҳроннинг QW-18 ва QW-12 тизимларига қизиқиши ҳақида маълумотга эга бўлган, аммо шартнома имзолангани ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган. Ушбу изоҳлар ва Пекиннинг расмий раддияси ҳозирча мазкур етказиб бериш ҳақидаги маълумотни мустақил равишда тасдиқланган деб ҳисоблаш имконини бермайди.



