Тошкентда собиқ Ички ишлар вазири ўринбосари ва яна 29 нафар айбланувчига нисбатан суд жараёни бўлиб ўтади

Бекмурод Абдуллаев. kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва яна 29 нафар шахсга нисбатан талон-торожликка оид жиноят иши бўйича тергов якунланди. Ишнинг барча материаллари Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туман судига юборилди. Дастлабки суд мажлиси 29 июль кунига белгиланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматига таяниб, «Газета.uz» хабар қилди.

Бекмурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») 2-қисми «а» ва «б» бандлари, шунингдек, 3-қисмининг бир нечта бандлари билан айбланмоқда.

Ушбу жиноят иши бўйича судланувчилар орасида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг собиқ бошлиғи Рустам Турсунов ҳам бор. Унга талон-торожликдан ташқари, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (Жиноят кодексининг 205-моддаси) айби ҳам қўйилган.

Жами айбланувчилар рўйхатида 30 нафар шахс бор. Улар орасида давлатга қарашли Qurilishmashlizing лизинг компаниясининг собиқ бошқарув раиси Фаррух Абдураҳимов, Намангандаги Mexmash корхонасининг собиқ раҳбари Фарҳоджон Жўраев, йўл инфратузилмаси бўйича тендерларда харид комиссиясининг собиқ котиби Ихтиёр Маликов ва бошқалар бор.

Юқорида қайд этилган Жиноят кодекси моддаларидан ташқари, айрим айбланувчиларга сохта тадбиркорлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, савдо қоидаларини бузиш, мансаб сохтакорлиги ҳамда жиноий даромадларни легаллаштириш (пул ювиш) бўйича ҳам айбловлар қўйилган. Баъзи фигурантларга эса бир вақтнинг ўзида олтита модда бўйича айб эълон қилинган.

Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида ИИВ вазирининг собиқ ўринбосарига нисбатан қўзғатилган жиноят иши давлат харидлари жараёнидаги талон-торожлик ҳолатлари билан боғлиқ экани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хусусан, мансабдор шахс шериклари билан биргаликда Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмасини янгилаш ва «ақлли» светофорлар тизимини жорий этиш учун ажратилган маблағларни ўзлаштиргани тахмин қилинган.

Бекмурод Абдуллаев, «Ўзметкомбинат» раҳбари Баходир Абдуллаевнинг акаси, 2021 йилдан буён Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигида юқори лавозимда ишлаб келган.

Ўтган йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ҳамда Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсунов лавозимидан озод этилганини маълум қилган эди.

Жорий йил январь ойида давлат раҳбари мазкур икки нафар собиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили талон-торожликка оид жиноят иши доирасида қўлга олинганини маълум қилганди. Мирзиёевнинг таъкидлашича, Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларини амалга ошириш жараёнида бюджет маблағларининг 186 миллиард сўми (15,5 миллион АҚШ доллари) ўзлаштирилгани аниқланган.

Кейинчалик ўзбек оммавий ахборот воситалари ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб хабар беришича, Абдуллаев ва мазкур жиноят иши бўйича яна олти нафар айбланувчи 2026 йил 15 апрель куни гаров эвазига қамоқдан озод қилинган. Бу қарорга амалдорнинг қариндошлари давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплагани сабаб бўлгани айтилган. Расмий идоралар ушбу маълумотга изоҳ бермаган.