Қирғизистон ЕИ томонидан Россияга қарши санкциялар рўйхатига киритилган компаниялар фаолиятини тўхтатди

Қирғизистон ҳукумати белгиланган тартибда Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши санкцияларнинг 21-пакетига киритилган учта компания — «Шисан», «Рама групп» ва «Нова Проект» фаолиятини тўхтатди. Шу сабабли криптовалюта операциялари билан шуғулланган юридик шахснинг лицензияси ҳам бекор қилинган. Бу маълумотни Қирғизистон Иқтисодиёт вазири ва президентнинг санкция сиёсати масалалари бўйича махсус вакили Бакит Сидиқов маълум қилди, деб хабар беради Economist.kg.

Вазирнинг сўзларига кўра, идоралараро ишчи гуруҳ июнь ойи охиридан бошлаб санкциявий хавфи юқори бўлган 40 га яқин компанияни аниқлаган. Вазир таъкидлашича халқаро ҳамкорлар АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан ўрнатилган чекловларни четлаб ўтишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ижобий баҳоламоқда.

Сидиқов текширувдан ўтказилган бошқа корхоналарнинг номлари ва уларнинг фаолият соҳаларини маълум қилмади. У фақат хавф ҳудудида бўлган ташкилотларни мониторинг қилишни якунлаш учун давлат органларига бир ҳафта муддат берилганини айтди.

Шу билан бирга, Россияга қарши санкцияларнинг 21-пакетига киритилган «ЭкоИсламикБанк» чеклов рўйхатига киритилган компаниялар билан ҳамкорлик қилгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Банк вакиллари мазкур ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан ҳеч қандай операциялар амалга оширилмаслигини маълум қилди.

Банкда таъкидланишича, улар ички комплаенс-назорат талаблари ва халқаро молиявий мониторинг стандартларига мувофиқ иш олиб боришмоқда. Шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан ишлашда назорат чоралари ҳақида яқин вақт ичида батафсил маълумот тақдим этишга ваъда берилди.

Шу билан бирга, Қирғизистон Миллий банки Европа Иттифоқининг янги санкция рўйхатига маҳаллий ташкилот киритилганига қарамай, мамлакат банк тизими барқарорлигини сақлаб қолаётгани ҳақида баёнот берди. Регулятор раҳбарияти таъкидлашича, тижорат банкларининг ликвидлиги етарли даражада сақланмоқда.

Миллий банк вакиллари санкцияларга тушган молиявий ташкилотлар ҳолати ҳар куни кузатиб борилаётганини маълум қилди. Жумладан, яқинда чекловлар жорий этилган банк юқори ликвидликка эга бўлиб, унинг мамлакат ичидаги барча операциялари одатий тартибда амалга оширилмоқда.

Регулятор шунингдек, бугунги кунда халқаро пул ўтказмалари тизимлари вақтинча тўхтатилганини тушунтирди. Бунга сабаб — ҳамкорлар билан кейинги ҳамкорликни давом эттириш ва тўлов тизимлари талабларига риоя этиш бўйича тегишли ишлар олиб борилаётганидир. Қирғизистон Миллий банки ушбу вазият ҳам тўлиқ назорат остида эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил июнь ойида Қирғизистон ҳукумати санкциявий хавфи юқори бўлган операцияларда иштирок этгани аниқланган 50 та юридик шахсни тугатиш ишлари бошланганини маълум қилганди. Ўшанда амалдорлар тегишли қарор Ғарб ҳамкорлари, хусусан, АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи идоралари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинганини таъкидлашганди.