Қирғизистонда овербукинг тақиқланди ва авиакомпаниялар йўловчилар билан давлат тилида мулоқот қилишга мажбур этилди

Қирғизистон ҳукумати ҳузуридаги Фуқаролик авиацияси давлат агентлиги (ФАДА) овербукингни, яъни самолётдаги ҳақиқий йўловчи ўринлари сонидан ортиқча авиачипталар сотишни расман тақиқлади. Агентлик матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу қоида республикадан амалга ошириладиган ёки мамлакат аэропортларига қўнадиган тижорат рейсларини бажарувчи маҳаллий ва хорижий авиаташувчиларга нисбатан татбиқ этилади.

Янги қоидага мувофиқ, агар авиакомпания самолётни сиғими кичикроқ бошқа ҳаво кемасига алмаштиришга мажбур бўлса, у мижозларга қуйидаги вариантлардан бирини таклиф қилиши шарт:

✔️ ташиш шартларини фақат йўловчининг розилиги билан ихтиёрий равишда ўзгартириш;

✔️ йўловчини энг яқин имкониятдаги рейс билан жўнатиш;

✔️ авиачипта қийматининг 100 фоизини тўлиқ қайтариш.

Қирғизистонга парвозларни амалга оширадиган авиаташувчиларга ўзларининг чипта сотиш бўйича ички тартиб-таомилларини қисқа муддат ичида регуляторнинг янги талабларига мувофиқлаштириш ва ходимлар учун тегишли йўриқнома ўтказиш топширилди.

Фуқаролик авиацияси давлат агентлиги мазкур буйруқ ижросини қатъий назоратга олишини, шунингдек, рейсларда жой етишмаслиги билан боғлиқ барча фуқаролар мурожаатларини қайд этиб боришини маълум қилди.

Шу билан бирга, ФАДА ҳаво транспорти йўловчиларига хизмат кўрсатишда давлат тилидан фойдаланиш бўйича талабларни кучайтиради. Энди самолёт экипажи аъзолари бортдаги йўловчиларга маълумотларни қирғиз тилида ҳам етказиши шарт. Мазкур талаб нафақат маҳаллий авиаташувчиларга, балки хорижий авиакомпанияларга ҳам татбиқ этилади.

Хусусан, йўловчилар учун асосий эълонлар, жумладан, фавқулодда қутқарув воситалари ва ҳаракатларини намойиш этиш, шунингдек, парвоз хавфсизлигига оид маълумотлар давлат тилида ҳам берилиши лозим. Бунда қирғиз тилидаги матн бошқа тиллардаги матн билан мазмун жиҳатидан тўлиқ бир хил бўлиши керак.

«Ушбу чора йўловчиларнинг давлат тилида тўлиқ ва тушунарли ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, Қирғизистон Республикаси фуқаролик авиацияси соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга қаратилган», — дейилади агентлик хабарида.