Лукашенко ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига юқори маош учун Россияга боришни тавсия қилди

Александр Лукашенко. belta.by сайти фотосурати

Беларусь президенти Александр Лукашенко бир неча минг АҚШ долларига тенг «жуда катта маош» олишни истаган Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ишлаш учун Россияга боришни тавсия қилди. Бу ҳақда БелТА ахборот агентлиги хабар қилди.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, Россияда хорижликлар нефть саноати ёки бошқа соҳаларда иш топиб, юқори маош олишлари мумкин.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистон фуқаролари Беларусга асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш учун келади. Улар гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади, ушбу маҳсулотлар кейинчалик Марказий Осиё республикасига етказиб берилади.

Лукашенко мазкур лойиҳа ўзининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказган музокаралари чоғида муҳокама қилинганини эслатди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ер ва сув ресурслари етишмаслиги, Беларусда эса ишчи кучи танқислиги кузатилаётгани сабабли томонлар шундай тажрибани амалга оширишга қарор қилган. Унга мувофиқ, Марказий Осиё республикаси фуқаролари Витебск вилоятига таклиф қилиниб, ўз мамлакати учун зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаради.

Президентнинг қўшимча қилишича, агар меҳнат муҳожирлари «бизнинг тизимга мос келса», улар Беларусда ўз фуқароларидек ишга қабул қилинади.

«Гўшт, сут ишлаб чиқарамиз — биз бу маҳсулотларни уларнинг бозорларида сотамиз. Маош ҳам шундан шаклланади. <…> Меҳнат унумдорлиги қанчалик юқори бўлса, қанча кўп маҳсулот ишлаб чиқарилса, иш ҳақи ҳам шунча кўп бўлади», — деди Лукашенко.

У Беларусь томонидан муҳожирларга барча ижтимоий хизматлар ва кафолатлар тақдим этилишини таъкидлади. Яъни тиббиёт ва таълим соҳаларида Ўзбекистон фуқаролари беларуслар билан бир хил ҳуқуқларга эга бўлади. Президентнинг сўзларига кўра, бу ҳам харажатлар ва катта маблағларни талаб қилади.

Беларусдаги ўзбекистонлик ишчилар билан боғлиқ воқеа биринчи гуруҳ ишчиларнинг норозилик билдиришидан сўнг кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Витебск вилоятига келган Ўзбекистон фуқаролари уларни ватанга қайтаришни сўраб видео мурожаат йўллади. Чунки уларга ваъда қилинган 900–1000 доллар, айрим ҳолларда эса 1200 долларгача бўлган маош ўрнига иш берувчи ойига кўпи билан 500 доллар таклиф қилган, уй-жой ва овқатланиш харажатлари эса ишчиларнинг ўз зиммасига юкланган.

Бироқ, кўринишича, низони ҳал қилишга эришилган: иш берувчи билан музокаралардан кейин муҳожирлар янги видео ёзиб, ойлик маош 700 долларгача оширилгани, бепул тушлик ва турар жой билан таъминланганини маълум қилишди. Шунингдек, улар ватандошларини хорижда ишлаш ҳақида «шошма-шошарлик билан хулоса қилмасликка» чақирди.

Мирзиёев эса, ўз навбатида, 15 июль куни Минскда эришилган келишувларни, жумладан фуқароларни уюшган ҳолда ишга жойлаштириш масаласини жадал амалга ошириш бўйича топшириқ берди.

Айни пайтда лойиҳа кўлами кенгаймоқда: Лукашенко маъмурияти маълумотларига кўра, ҳозир Беларусда 7000 нафар Ўзбекистон фуқароси рўйхатда турибди. Сентябрь ойидан бошлаб Витебск вилоятига ҳар ой Андижон вилоятидан 500 нафардан фуқаро кела бошлайди. Жами яна 5000 кишининг келиши бўйича келишувга эришилган бўлиб, уларни қишлоқ хўжалиги, қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда кичик тиббий ходимлар сифатида ишга жалб қилиш режалаштирилган.