Қирғизистон президенти парламентнинг референдум тайинлаш бўйича ваколатини ўзига олди

exclusive.kz сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров референдум тўғрисидаги конституциявий қонуннинг янги таҳририни тасдиқлади. Унга кўра, бирор масала бўйича умумхалқ овоз беришини тайинлаш ваколати фақат давлат раҳбарига берилади. Амалдаги меъёрларга кўра эса, референдум Жогорку Кенеш (парламент) томонидан қонун доирасида тайинланади, дея аниқлик киритади Kaktus.media.

Республика раҳбари 8 июль куни имзолаган ҳужжатда референдум Қирғизистон президентининг фармони билан тайинланиши белгиланган. Фармонда овоз бериш санаси, овозга қўйиладиган саволлар матни ва бошқа зарур маълумотлар ҳам кўрсатилади. Шунингдек, референдум санаси фармон кучга кирган кундан бошлаб кўпи билан тўрт ой ичидаги исталган дам олиш кунига белгиланиши мумкин.

Яна бир янгилик сифатида масофавий электрон овоз бериш имконияти жорий этилди. Бу бўйича қарор ҳар бир алоҳида референдумни тайинлаш чоғида қабул қилинади.

Қайд этилишича, қонунга мувофиқ, референдумда қабул қилинган қарор умуммажбурий кучга эга бўлади, қўшимча тасдиқлашни талаб қилмайди ва республика ҳудудининг барча қисмида амал қилади.

Умумхалқ овоз беришга Конституция лойиҳаси, алоҳида қонунлар лойиҳалари ҳамда давлат аҳамиятига молик бошқа масалалар чиқарилиши мумкин. Бунда савол шундай шакллантирилиши керакки, у турлича талқин қилиш имкониятини истисно этсин ва унга фақат бир маъноли жавоб бериш мумкин бўлсин.

Қонунда референдумга чиқариш мумкин бўлмаган масалалар рўйхати ҳам белгилаб қўйилган. Жумладан,

мамлакат президенти ва Жогорку Кенеш депутатларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш ёки узайтириш, шунингдек, давлат раҳбари ёки парламент депутатларининг муддатидан олдинги сайловларини ўтказиш масалаларини овозга қўйиш тақиқланади.

Бундан ташқари, «тақиқланган мавзулар» қаторига уруш ва тинчлик, солиқлар ҳамда тарифларни жорий этиш ёки бекор қилиш, давлатнинг дунёвийлик хусусияти ва ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш, Қирғизистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши ва чегаралари, амнистия ва авф этиш, республика бюджети қабул қилиниши ҳамда бошқа масалалар киритилган.

Шунингдек, мамлакатнинг бутун ҳудудида ёки айрим ҳудудларида ҳарбий ёки фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда референдум ўтказиш мумкин эмаслиги ҳақидаги норма ҳам қонунда мустаҳкамланган.

Аввалги референдум натижалари расман эълон қилинган кундан бошлаб бир йил давомида айнан шу масала ёки мазмунан ўхшаш савол бўйича такрорий овоз бериш ўтказилмайди.

Референдум ўтказиш ташаббуси қуйидагилар томонидан илгари сурилиши мумкин:

✅ Қирғизистон президенти;

✅ камида 300 минг нафар сайловчи;

✅ Жогорку Кенеш депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми.

Жапаров 8 июль куни имзолаган қонун 2026 йил 21 июлдан кучга киради. Шу муносабат билан мамлакат Марказий сайлов комиссиясига ўзининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қонуннинг янги таҳририга мувофиқлаштириш топширилди.