Ўзбекистон ва Беларусь президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Александр Лукашенко икки мамлакат расмийлари томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасини қўллаб-қувватлади. Ушбу режа ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, шунингдек, турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади. Ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари икки давлат раҳбарларининг Минск шаҳридаги учрашувида муҳокама қилинди, деб хабар беради Марказий Осиё республикаси президенти матбуот хизмати.
Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб 3 баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ортда қолган даврида унинг ҳажми яна 30 фоизга ошди. Бундай ривожланиш Ўзбекистон ва Беларусь яқин вақт ичида ўзаро савдо ҳажмини икки баробар ошириш имкониятига эга эканини кўрсатмоқда.
Инвестициявий ва иқтисодий ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. У енгил саноат, фармацевтика, электротехника, мебель ишлаб чиқариш каби соҳаларни қамраб олган. Мирзиёев, шунингдек, тинч атомдан фойдаланиш ва тегишли инфратузилмани барпо этиш соҳасида тажриба алмашишга қизиқиш билдирди.
Беларуснинг БЕЛТА агентлиги хабар беришича, Лукашенко ўз навбатида Ўзбекистон Беларуснинг асосий ҳамкорлари ўнталигига киришини ва МДҲ мамлакатлари орасида учинчи ўринни эгаллашини таъкидлаган.
Президент бир нечта йирик лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, у машинасозлик соҳасидаги кооперацияни тилга олди. Унинг доирасида 130 тоннали «БелАЗ» юк машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Беларусь раҳбарининг сўзларига кўра, томонлар 220 тоннали машиналар ишлаб чиқаришга ўтиш, шунингдек, қўшма тракторлар ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 3 минг донага етказишга тайёр.
Сиёсатчи қишлоқ хўжалиги соҳасидаги самарали ҳамкорликни ҳам қайд этди. Масалан, Витебск вилоятидаги ер майдонларини ўзбекистонлик инвесторларга бериш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар бу ерда чорвачилик хўжаликларини ташкил этишни режалаштирмоқда.
«Сизлар учун бу — юқори сифатли гўшт маҳсулотларини Ўзбекистон учун ишлаб чиқариш ва етказиб бериш имкониятидир. Беларусь учун эса бу — янги одамлар, янги иш ўринлари ва қишлоқларни ривожлантириш демакдир», — дея таъкидлади Лукашенко.
Олий даражадаги учрашувда маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мирзиёев ҳамкасбига Минск шаҳрида Ўзбекистон–Беларусь дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун миннатдорлик билдирди.
Томонлар, шунингдек, жорий йил охирига қадар қўшма туризм, тиббиёт ва таълим форумларини ўтказишга келишиб олди.
Ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий доиралар учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.
Айниқса, бир кун аввал Минск шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон-Беларусь ҳудудлараро форумининг самарали натижалари алоҳида эътироф этилди. Унинг якунида савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами имзоланди.
Олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Мирзиёев ва Лукашенко Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.
Президентлар иштирокида икки томонлама қатор ҳужжатлар алмашинуви бўлиб ўтди. Улар орасида:
✅ 2026-2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
✅ Беларусь Республикаси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисида битим;
✅ 2026-2028 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
✅ Ўзаро сайёҳлар оқимни кўпайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси;
✅ 2026-2028 йилларда агросаноат мажмуидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”;
✅ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Беларусь стратегик тадқиқотлар институти ўртасида Ўзбекистон – Беларусь экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида меморандум;
✅ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Беларусь Миллий фанлар академияси ўртасида илмий-техник ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми.



