2026 йил 1 майдан бошлаб Қирғизистоннинг икки давлат банки халқаро санкциялар билан боғлиқ назорат кучайтирилгани боис камида 131 та компанияга хизмат кўрсатишни тўхтатди. Бу ҳақда Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Элдик Банк” тахминан 80 та компанияни тизимдан узган. Шу билан бирга, йил бошидан буён банк ваколатли органга шубҳали операциялар бўйича 13 мингга яқин хабар юборган. “АБанк” шу давр ичида 51 та компания билан муносабатларни бекор қилган ва шубҳали операциялар бўйича тахминан 4 мингта хабар тақдим этган.
Яна қўшимча 80 га яқин компания ҳозирда якуний текширувлардан ўтмоқда. Ушбу текширувлар якунларига кўра, банклар ушбу мижозлар билан ҳам муносабатларни бекор қилиши мумкин.
Ушбу рақамлар 23 июнь куни санкция сиёсати бўйича ўтказилган йиғилишда эълон қилинди. Йиғилишни Қирғизистон президентининг алоҳида топшириқлар бўйича махсус вакили Бакит Сидиқов ўтказган. Унда Қирғизистонда рўйхатдан ўтган, санкция схемалари билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган компаниялар бўйича Европа томонидан юборилган сўров кўриб чиқилган.
Таъкидланишича, давлат банкларида санкция хавфларини назорат қилиш учун махсус қўмиталар тузилган. Улар халқаро талабларга риоя этилишини назорат қилади ва қоидабузарликларнинг олдини олиш билан шуғулланади. Молия муассасалари ҳар куни мижозлар ва тўловларни Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия ва бошқа давлатларнинг санкция рўйхатлари бўйича текширади.
Шубҳали операциялар ё тўхтатилади, ёки қўшимча текширувга юборилади. Бунинг учун LexisNexis компаниясининг WorldCompliance халқаро базасидан фойдаланилади. Шунингдек, тўловлар учун ҳужжатлар текширилади, маблағларнинг келиб чиқиш манбаи ҳамда битимларнинг иқтисодий мазмуни аниқланади.
Назорат янада кучайтирилади: Қирғизистон ҳудуди ва молиявий тизими санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатилишини истамайди, деб таъкидлайди Иқтисодиёт вазирлиги. Ҳукумат ташқи савдода шаффофликни сақлаш, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқаро ҳамкорлар ишончини сақлаб қолишни мақсад қилган.
Аввалроқ Қирғизистоннинг яна икки давлат банки — “Керемет Банк” ва “Капитал Банк Центральной Азии” — Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британиянинг санкция рўйхатларига киритилган эди, шунингдек, иккинчи банк Канада чекловларига ҳам тушган.
Жами Қирғизистонда олтита давлат банки мавжуд. Улар қаторида Давлат ривожланиш банки ҳамда “Кылым банк” ҳам бор. Мамлакатдаги умумий банклар сони эса 26 тани ташкил этади, уларнинг ичида хусусий банклар ҳам мавжуд.



