2026 йил 18 июнда Эроннинг Қум вилояит жиноят ишлари бўйича суди 29 ёшли мустақил ижрочи Парасту Аҳмади ва унинг гуруҳидаги саккиз аъзони «одобсиз контент ишлаб чиқариш ва тарқатиш орқали жамоат ахлоқини бузиш«да айбдор деб топди. Бу ҳақда Эрон инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Human Rights Activists in Iran (HRA), расмий суд ахборот агентлиги Mizan хабар берди, кейинчалик уларнинг хулосалари Британиянинг The Guardian газетаси каби етакчи халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан тасдиқланди.
Суд Аҳмадига 74 дарра калтакланиш, икки йилга барча ижодий фаолиятдан четланиш ва икки йилга саёҳат қилиш тақиқини тайинлади. Унинг саккиз нафар ҳамкасбига ҳам шунга ўхшаш жазолар қўлланилди.
Жиноий жавобгарликка Дейр-э Гачин тарихий мажмуасида яширинча ёзиб олинган ва кейинчалик хонанданинг YouTube каналида эълон қилинган «Карвонсарой концерти» номли акустик онлайн концерт сабаб бўлган. Ижро давомида Аҳмади боши очиқ ҳолда анъанавий форс ва халқ қўшиқларини куйлаган. Эрон қонунчилигига кўра, бу ҳолат аёл ижрочилар учун мажбурий кийиниш қоидаларини бузиш сифатида жиноий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Суд ҳужжатларида унинг ташқи кўриниши “шариат талабларига номувофиқ” деб таърифланган. Трансляция ёзувини миллионлаб одамлар кўрган, мамлакат ичида ҳам, Эрон диаспораси орасида ҳам катта жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган.
Парасту Аҳмади ва мазкур иш бўйича барча айбланувчиларга суд томонидан икки йил давомида ҳар қандай ижодий фаолият билан шуғулланиш тақиқи қўйилган. Бу чеклов амалда мустақил артистлар учун касбий фаолиятни тўлиқ тўхтатишни англатади.
Аҳмади ижоди аввал ҳам Эрон ҳукумат органлари диққатида бўлган. Теҳрондаги “Суре” университетининг режиссёрлик факультети битирувчиси бўлган ижрочи “Аёл, ҳаёт, эркинлик» норозилик ҳаракати даврида демократия ва ҳуқуқлар учун кураш мавзусидаги қўшиқлари билан танилган. Унинг “Озодлик нафаси” (The Air of Freedom) композицияси шулар жумласидандир.
2024 йилда у бўш залда онлайн чиқиш қилиб, томошабинларни “эркин ва гўзал миллатни тасаввур қилиш”га чақирган ва ўз ижодини ижтимоий-сиёсий норозилик билан боғлаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳозирги ҳукм Эронда норозилик ҳаракати билан боғлиқ артистлар ва фаолларга нисбатан босим кампаниясининг бир қисми ҳисобланади.
Карвонсаройдаги концертдан кўп ўтмай, Аҳмадининг ҳибсга олиниши ва иш қўзғатилганини биринчи бўлиб Mizan каби расмий суд ва давлат оммавий ахборот воситалари хабар қилишди. Уларнинг сўзларига кўра, қўшиқчи хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган, сўнг суд жараёни якунлангунча вақтинча гаров эвазига қўйиб юборилган.
Суд ҳукми жамоатчилик, ҳуқуқ ҳимоячилари ва маданият соҳаси вакиллари томонидан кескин танқидга учради. Улар Аҳмади ишини Эронда аёлларнинг фундаментал ҳуқуқлари ҳамда бадиий сўз эркинлигини тизимли чекланаётганининг яна бир намунаси сифатида баҳолашмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлашича, ҳижобсиз қўшиқ ижро этгани учун 74 дарра калтак жазосини қўллаш Эрон ҳукуматининг жисмоний жазо ва ижодий таъқиқларни қўрқитиш воситаси сифатида ишлатишга тайёр эканини кўрсатади. Улар айниқса жамоат олдида белгиланган ижтимоий нормаларга қарши чиққан аёлларга нисбатан бундай чоралар кучлироқ қўлланилаётганини қайд этишмоқда.
Парасту Аҳмади ўзининг оммавий баёнотлари ва ижтимоий тармоқлардаги постларида она юртида қўшиқ куйлаш ҳуқуқини ажралмас ва биров тортиб ололмайдиган ҳуқуқ деб ҳисоблашини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, мусиқа унинг учун ҳар қандай жиноий таъқиб ва жисмоний жазо хавфига қарамасдан, эркин келажакка умид манифести бўлиб қолаверади.



