Ўзбекистонда илк бор иш ташлашларни ўтказиш тартиби қонунан мустаҳкамланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 июнь куни иш ташлашларни эълон қилиш, ўтказиш ва тугатиш тартибини биринчи марта қонунчилик даражасида батафсил тартибга солувчи, шунингдек, мазкур нормаларни бузганлик учун жавобгарликни белгилайдиган қонунни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Фуқаролик процессуал кодекси, Меҳнат кодекси, шунингдек «Жамоат бирлашмалари тўғрисида» ва «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

Меҳнат кодексига киритилган янги моддага кўра, иш ташлаш — бу ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажаришдан вақтинчалик, ихтиёрий ва жамоавий тарзда тўлиқ ёки қисман бош тортиши ҳисобланади. Бундай ҳаракатнинг мақсади ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда иш берувчи билан юзага келган жамоавий меҳнат низосини ҳал этишдан иборат.

Жамоавий меҳнат низосини ҳал қилиш бўйича яраштириш ва воситачилик тартиб-таомиллари натижа бермаган тақдирда меҳнат жамоаси иш ташлаш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, иш берувчи мазкур тартиб-таомилларда иштирок этишдан бош тортса ёки эришилган келишувларни бажармаса ҳам иш ташлашга рухсат берилади.

Иш ташлашда иштирок этиш ихтиёрий ҳисобланади.

Иш ташлаш ҳақидаги қарор унинг бошланишидан камида бир ой олдин қабул қилиниши лозим.

Қарор касаба уюшмаси қўмитасининг таклифи асосида ташкилот ходимларининг умумий йиғилишида қабул қилинади. Йиғилишда камида ходимларнинг ярми иштирок этиши, қарорни эса қатнашчиларнинг камида 50 фоизи қўллаб-қувватлаши керак.

Қарорда иш берувчи билан келиб чиққан келишмовчиликлар рўйхати, иш ташлаш бошланадиган сана, вақт ва жой, шунингдек иш ташлаш раҳбари ва унинг ваколатлари кўрсатилиши шарт.

Касаба уюшмаси қўмитаси қарор қабул қилинганидан кейин бир иш куни ичида иш берувчини ёзма равишда хабардор қилиши лозим. Иш берувчи эса шу муддатда жамоавий меҳнат низоларини ҳал қилиш бўйича ваколатли давлат органларини хабардор қилади.

Иш ташлаш раҳбари касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тайинланади. У ходимлар йиғилишини чақириш, иш берувчидан зарур маълумотларни талаб қилиш, мутахассисларни жалб этиш ҳамда иштирокчиларнинг ярмидан кўпининг розилиги билан иш ташлашни вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга.

Шу билан бирга, у Конституция ва қонунларга риоя этилишини таъминлаши, низони тинч йўл билан ҳал қилиш чораларини кўриши ҳамда ёлғон маълумот тарқатмаслиги шарт.

Қонун иш ташлаш иштирокчилари учун бир қатор кафолатларни ҳам белгилайди. Иш ташлашда қатнашиш ходимни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди. Акция давомида ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади, аммо иш ҳақи тўланмаслиги мумкин.

Қонунда иш ташлаш ўтказишга доир чекловлар ҳам белгиланган.

Фавқулодда ҳолат, фавқулодда вазият, уруш шароити ёки умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш ўтказиш тақиқланади.

Тиббиёт ходимлари, ҳарбий хизматчилар, судьялар, энергетика ва сув таъминоти тизими ходимлари, алоқа соҳаси ходимлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг иш ташлашларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Жамият ҳаёти учун муҳим бўлган соҳаларда — энергия ва сув таъминоти, транспорт, алоқа, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот ҳамда узлуксиз ишлаб чиқариш корхоналарида — зарур минимал ишлар ёки хизматлар таъминланмаса, иш ташлаш ноқонуний деб топилади. Бундай ишлар ва ташкилотлар рўйхатини ҳукумат қонун расман эълон қилинганидан кейин уч ой ичида белгилайди.

Агар иш ташлаш инсонлар ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғдирса, суд унинг бошланиш муддатини кечиктириши ёки бошланган иш ташлашни кўпи билан 30 календарь кунга тўхтатиб туриши мумкин. Суд қарори дарҳол ижро этилиши шарт.

Қуйидаги ҳолатларда иш ташлаш тугатилади: томонлар ўртасида ёзма келишувга эришилганда; иш берувчи келишмовчиликларни бартараф этганда; суд иш ташлашни ноқонуний деб топганда иштирокчиларнинг ярмидан кўпи уни бекор қилиш тарафдори бўлганда. Иш ташлаш тугаганидан кейин ходимлар кейинги иш кунидан кечиктирмай ишга қайтишлари шарт.

Қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, тақиқланган иш ташлашда иштирок этганлик учун 3 дан 7 тагача базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ), бундай иш ташлашга раҳбарлик қилганлик учун эса 10 дан 15 тагача БҲМ миқдорида жарима белгиланади. Шахсни иш ташлашда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбурлаш 15 дан 30 БҲМгача, қарам шахсга нисбатан содир этилса эса 30 дан 50 БҲМгача жаримага сабаб бўлади.

Жиноят кодексига киритилган 218¹-моддага мувофиқ, ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этишга мажбурлаш учун, агар бу ҳаракатлар учун аввал маъмурий жазо қўлланилган бўлса, 100 дан 300 БҲМгача жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Агар бундай ҳаракатлар йирик зарарга, инсон ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, жазо икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этади.

Қонун билан тақиқланган иш ташлашларга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этишга мажбурлаш учун алоҳида жавобгарлик белгиланган. Бу ҳолатларда уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади. Агар мазкур ҳаракатлар инсон ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, жазо муддати беш йилдан ўн йилгача бўлиши мумкин.

ℹ️ Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 10 сентябрда қабул қилинган ва Олий Мажлис Сенати томонидан 2026 йил 8 апрелда маъқулланган. Ҳужжат муқаддимасида қайд этилишича, у фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга уйғунлаштириш, шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда