Қозоғистон Бош прокуратураси Алексей Навальнийнинг* Санкт-Петербургдаги штабининг собиқ фаоли Юлия Емельянованинг Россияга экстрадиция қилинишини тўхтатди, деб хабар беради Arbat-media «Ковчег» инсон ҳуқуқлари ташкилотига таяниб.
Жараён фаолнинг қочқинлик мақомини бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилгунга қадар тўхтатилган. Емельянова иши бўйича кейинги мажлис 27 февралга белгиланган.
Емельянова — Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальнийнинг* Санкт-Петербург штабининг собиқ ходими. Россияда унга қарши 2021 йили ўғирлик бўйича жиноий иш қўзғатилган. Тергов маълумотларига кўра, фаол гўёки Санкт-Петербургда такси ҳайдовчиси телефонини ўғирлаган. Емельянова ўз айбини рад этган ва иш сохталаштирилган деб даъво қилган. Иш судга етиб боргач, фаол мамлакатни тарк этган.
Ўтган йил 31 августида у Олмаота аэропортида ҳибсга олинган. Емельянова Қозоғистон орқали транзитда Грузиядан Вьетнамга учиб кетаётган бўлган. Мухолифат фаоли Россия томонидан давлатлараро қидирув рўйхатига киритилгани учун ҳибсга олинган. Ҳозирда у Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
Куни-кеча Қозоғистон Олий суди чечен фаоли Мансур Мовлаевни ҳам Россияга бериш тўғрисидаги қарорни тўхтатиб қўйди ва унинг қочқинлик мақомини қайта кўриб чиқилаётган пайтда яна бир ой ҳибсда ушлаб туришга қарор қилди.
* Росфинмониторинг томонидан экстремизм ва террорчилик фаолиятига алоқадор шахслар рўйхатига киритилган



