CNN World сайтида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига бағишланган мақола чоп этилди. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.
CNN ушбу лойиҳани минтақанинг глобал илм-фан ва маданиятга қўшган ҳиссасини намойиш этиш ва шу билан бирга халқаро мулоқот учун платформа вазифасини бажаришга қаратилган йирик маданий ва таълим ташаббуси сифатида тақдим этади.
Муаллифлар ИЦМ очилишини геосиёсий можаролардан тортиб маданий ўзига хослик инқирозларигача бўлган глобал муаммолар билан боғлайдилар. Замонавий Ўзбекистон ҳудуди тарихан савдо йўллари ва маданиятлар чорраҳасида бўлганлиги ва ал-Хоразмий ва Ибн Сино каби маҳаллий олимлар математика, тиббиёт, фалсафа ва илмий фикрга катта ҳисса қўшганлигига алоҳида урғу берилади.
CNN бу шунчаки музей эмас, балки кўргазма майдонларини тадқиқот инфратузилмаси билан бирлаштирган гибрид муассаса эканини таъкидлайди. Мажмуа кутубхоналар, архивлар, реставрация ва рақамлаштириш лабораторияларини, шунингдек, тадқиқот ва таълим дастурлари учун майдонларни ўз ичига олади.
Маданий меросларни қайтариш дастурига алоҳида эътибор қаратилади. Расмий маълумотларга кўра, халқаро аукцион уйлари, музейлар ва шахсий коллекционерлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонга тахминан 2000 та артефакт ва қўлёзмалар қайтарилган, жумладан, Ибн Сино ва ал-Берунийга оид материаллар, шунингдек, Темурийлар миниатюралари ва бошқа Ислом санъати намуналари. Асосий экспонатлар орасида Қуръоннинг сақланиб қолган энг қадимги нусхаларидан бири бўлмиш ҳазрати Усмон Қуръони ва Каъба кисвасининг бир қисми мавжуд.
Мақолада шунингдек, хорижий раҳбарлар ва халқаро ташкилотларнинг баҳолари келтирилган. Жумладан, унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг лойиҳани қўллаб-қувватлаши ва БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг ижобий фикрлари қайд этилган. ИЦМ ва БМТ Цивилизациялар альянси ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши алоҳида таъкидланган.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



