Ўзбекистон ҳукумати Рамазон ойида муҳтожларни қўллаб-қувватлаш учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратди

gazeta.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати 19 февралда бошланадиган муқаддас Рамазон ойида муҳтожларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чораларини ишлаб чиқди. Ушбу режаларни амалга ошириш учун «Вақф» хайрия жамғармасига 750 миллиард сўм (61,3 миллион доллар) ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига яна 300 миллиард сўм (24,5 миллион доллар) ажратилади. Бу маълумот президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган йиғилишда эълон қилинди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Муҳтожларга ёрдам «Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи» шиори остида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар доирасида кўрсатилади.

Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришни устувор вазифа деб билади. Мазкур тамойиллар, айниқса, Рамазон ойида янада ёрқин намоён бўлиб, саховат ва ҳамжиҳатлик қадриятлари амалий ишлар билан мустаҳкамланмоқда.

Мирзиёев муборак ойда нуронийлар, ёлғиз ва эҳтиёжманд фуқаролар ҳолидан хабар олиш, оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак бериш эзгу қадрият эканини таъкидлади.

Ажратиладиган маблағлар ҳисобидан эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бор шахсларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиётлари харажатларини қоплаб бериш кўзда тутилган.

Айни дамда президент жамият оналари ва келажак авлод тарбиячилари бўлган хотин-қизларни бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш, уларни ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида урғу берди.

Бу жараёнда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни ижтимоийлаштириш, моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг оилалари билан индивидуал тарзда ишлаб, тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари ҳар бир маҳаллада эҳтиёжманд оилаларнинг аниқ ва шаффоф рўйхатини шакллантириш, ёрдамларни фуқароларнинг дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, тенг ва адолатли тарзда етказиш шартлигини алоҳида таъкидлади. Масъул идораларга бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

16 февраль куни Мирзиёев «Муборак Рамазон ойини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади, ҳужжатда таъкидланишича, Рамазон ойи 2026 йил 19 февралдан бошланади. Шаҳар ва туман ҳокимликлари, вилоят ҳокимиятлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун масъул ташкилотларга Рамазон ойини миллий анъаналар ва қадриятларга мувофиқ, аммо ортиқча харажатларсиз, ихчам, мазмунли ва тежамкор тарзда нишонлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш топширилди.

Шу билан бирга, Рақобат қўмитаси йирик савдо тармоқлари ва республикамиз ҳудудлардаги савдо комплексларини Рамазон ойида нархлари барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги тўғрисида огоҳлантирди. Қўмита ушбу талаб президентн кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлайди.

Савдо ташкилотларига озиқ-овқат нархларидаги ҳар қандай ўзгаришлар, логистика харажатлари ва нархларга таъсир қилувчи бошқа омиллар ҳақида расмийларни ўз вақтида хабардор қилиш топширилди.

Қўмита шунингдек, ўз ваколатлари доирасида бозор барқарорлигини сақлаш учун барча зарур чораларни кўришини таъкидлади.

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор

  • Тошкентда Ўзбекистон гербини яратган рассом Анвар Мамажоновнинг график асарлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

  • Тошкентда Чори Шамснинг «Туркий халқларнинг хаёлий мавжудотлари» кўргазмаси очилди