«Бишкеклик маняк» номи билан танилган Қумарбек Абдиров Қирғизистон пойтахтидаги 1-сонли тергов изолятори камерасида ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда 24.кг нашри хабар берди.
Жазони ижро этиш давлат хизмати (ЖИДХ) бир қатор шов-шувли қотилликларда айбланган 41 ёшли шахс ўлганини тасдиқлаган. Жасад 7 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 12:30 да топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, маҳбус ўз жонига қасд қилган. Мазкур факт юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган.
Қумарбек Абдиров 2025 йил сентабрида 17 ёшли Ойсулу Мукашевани ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган эди. Иш шу қадар резонансга эга бўлдики, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўлим жазосини қайтаришни буюрди.
Сўроқ пайтида Абдиров бир нечта аёлларни, жумладан, Қирғизистон собиқ Бош прокурорининг амакиси билан алоқаси туфайли кенг шов-шувга сабаб бўлган 19 ёшли Камила Дуйшебаевани зўрлаб, сўнг ўлдирганини тан олган.
Абдировнинг тирик қолган жабрланувчиларидан бири сўроқ пайтида унинг айтган сўзларини эслаган: «Қандай қилиб озод бўлишга муваффақ бўлдинг? Сендан олдин ҳеч ким буни уддалаш олмаганди». Бу сўзлар терговчиларни жиноятчи илгари ҳам тажовузлар содир этган деб ўйлашга мажбур қилган.
Маълум бўлишича, Абдировнинг қурбонлари уни такси ҳайдовчиси деб ўйлаб, машинасига ўтирган қизлар ва ёш жувонлар бўлган. Жиноятлар асосан тоғли ҳудудларда ва шаҳарлар чеккасида содир этилган.
2016 йили суд «бишкеклик манякни» қотилликка уриниш учун 12 йилга озодликдан маҳрум қилган, кейинчалик муддат етти йилга қисқартирилган. 2018 йили у қамоқдан шартли равишда озод қилинган.
2025 йили Абдиров ҳибсга олинганидан сўнг Бишкек шаҳар судининг уч нафар собиқ судяси ва прокурори ҳибсга олинган, зеро уларнинг қарори билан жиноятчининг жазоси енгиллаштирилган эди.



