Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сўнгги бир неча йил ичида касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабабли Ўзбекистоннинг қизамиқдан ҳоли давлат мақомини бекор қилди. Ушбу рўйхатдан яна бешта давлат, жумладан, Озарбайжон, Австрия, Буюк Британия, Испания ва Арманистон ўрин олган, деб хабар беради Euronews.com ЖССТга таяниб.
Халқаро ташкилот маълумотларига кўра, юқорида тилга олинган мамлакатларда 2024 йили қизамиқ эпидемияси кузатилган. Қоидаларга кўра, агар вирус қайта пайдо бўлса ва унинг юқиши бир йилдан ортиқ давом этса, мамлакат ушбу касалликдан ҳоли мақомини йўқотади.
Мутахассислар оммавий эмлашдаги узилишларни эпидемиянинг асосий сабаби сифатида кўрсатмоқдалар, бу айниқса вояга етмаганлар орасида иммунитетнинг заифлашига олиб келади. Қизамиқдан ҳоли давлатлар рўйхатидан чиқарилган мамлакатларда аксарият ҳолларда 10 ёшгача бўлган болалар орасида ушбу касаллик учраётгани таъкидланмоқда.
ЖССТ шунингдек, вирус Европа ва Марказий Осиёнинг кўплаб ҳудудларида кенг тарқалаётганини таъкидлайди. Масалан, Руминиядаги вазият кескин ёмонлашган. Грузия, Россия, Украина, Туркия, Франция, Германия, Польша ва бошқалар ҳам салбий статистикага эга мамлакатлар қаторига киради. Бу ерда Марказий Осиё республикаларидан Қозоғистон ва Қирғизистон кўрсатилган.
Кўпгина ҳолатлар эмланмаган одамлар орасида содир бўлаётганлиги сабабли, ЖССТ аҳолининг камида 95 фоизини қизамиққа қарши вакцинанинг икки дозаси билан қамраб олишни қатъий тавсия қилади.
Дарвоқе, қизамиқдан ҳоли мамлакатлар рўйхатига қайтиш учун Ўзбекистон уч йил давомида вирус тарқалишининг олдини олиши ва эпидемиологик назоратни сезиларли даражада кучайтириши лозим.
Ўзбекистон 2017 йили расман қизамиқ ва қизилча касаллигини бартараф этган давлат деб тан олинган. Ўша пайтда ЖССТ таҳлилчилари бу қарорни 2014 йилдан 2016 йилгача бўлган ҳолатлар маълумотлари асосида қабул қилганликларини айтишган.
Бироқ, кейинчалик кўрсаткичлар ёмонлаша бошлаган. Масалан, 2022 йили республикада қизамиқнинг атиги 8 та ҳолати қайд этилган бўлса, 2023 йили 1026 та ҳолат қайд этилган. Бундан ташқари, касаллик бир ёшгача бўлган болалар орасида кенг тарқалганлиги, уларнинг кўпчилиги бир марта ҳам вакцина олмаганлиги таъкидланади.
ℹ️ Қизамиқ — бу иситма, йўтал, бурун оқиши, томоқ оғриғи ва тошма билан тавсифланган ўткир юқумли вирусли касаллик. Касаллик пневмония, бронхит ва энцефалит каби асоратларга олиб келиши мумкин. Қизамиққа қарши ягона самарали ҳимоя – эмлаш ҳисобланади.



