Оммавий тартибсизликларни режалаштиришда айбланган икки собиқ қирғиз депутати ҳибсдан озод қилинди

Оммавий тартибсизликларни режалаштиришда айбланган Жогорку Кенеш (парламент)нинг собиқ икки депутати Кубаничбек Қодиров ва Шайлубек Атазов тергов изолаторидан озод қилинди. Бу ҳақда «Клооп» хабар берди.

Қодировнинг озод қилингани ҳақида 24 январь куни хабар берилди. Иқтисодий жиноятларга қарши кураш давлат хизматининг собиқ раҳбари Саймик Жапикеев ушбу хабарни ижтимоий тармоқларда тарқатди. У президент Садир Жапаровга миннатдорчилик билдирган, чунки собиқ мулозимга кўра, давлат раҳбари халқ фикрига қулоқ солган ва сиёсатчини озод қилишга буйруқ берган. Жапикеевнинг қўшимча қилишича, республика раҳбари учун оммавий тартибсизликлар иши бўйича бошқа судланувчиларни, жумладан, Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Қодирбекни озод қилиш олийжаноблик бўлар эди.

ОАВ 25 январь куни яна бир собиқ парламент аъзоси Атазов ҳибсдан озод қилингани ҳақида хабар берди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу сиёсатчи яшаш жойини тарк этмаслик тилхати билан озод қилинган.

Собиқ президентнинг ўғли ва унинг тарафдорлари ҳибсга олингани ҳақида ўтган йили 24 ноябрда хабар қилинганди. Ўшанда хавфсизлик ходимлари 30 ноябр куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларидан сўнг бошланиши режалаштирилган оммавий тартибсизликларни режалаштиришда айбланиб, бир нечта судланувчиларга қарши жиноий иш қўзғатилганига аниқлик киритгандилар.

Жумладан, гумонланувчилар орасида «Социал-демократлар» партияси етакчиси Темирлан Султанбеков, унинг ўринбосари Қодирбек Атамбаев, собиқ депутат Шайлубек Атазов, «Социал-демократлар» аъзоси Эрмек Эрматов, Алмазбек Атамбаевнинг собиқ тансоқчиси Дамир Мусакеев, собиқ депутат Кубаничбек Қодиров ва бизнесмен Урмат Барктабасов (Аскарбеков) бўлган. Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) матбуот релизида расман ошкор қилинмаган яна учта шахс исми-шарифининг бош ҳарфлари келтирилган.

ИИВ баёнотида сиёсатчилар, собиқ депутатлар, собиқ давлат хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан иборат бузғунчи гуруҳ фаолияти ҳақида ва уларнинг потенциал провокациялар ва зўравонлик тўқнашувларда иштирок этиши учун уюшган жиноятчилик гуруҳлари ва спорт жамоалари аъзоларини ўз сафига жалб қилишгани айтилган.

Ҳибсга олинганларга Қирғизистон Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми («Зўравонлик, қирғин, ўт қўйиш, мулкни йўқ қилиш, ўқотар қурол, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмалардан фойдаланиш ёки давлат вакилига қуролли қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ оммавий тартибсизликларни ташкил этиш») бўйича айблов қўйилган. Улар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.