Тожикистон ва Афғонистон Ташқи ишлар вазирлари Сирожиддин Муҳриддин ва Амир Хон Муттақи 2 декабрь куни телефон орқали суҳбатлашди. Унда умумий чегарада инсонлар қурбон бўлгани ва хавфсизлик масалалари бош мавзу бўлди, деб хабар беради Pajhwok.
Муттақи сўнгги пайтларда Кобул ва Душанбе ўртасида турли соҳаларда ишонч муҳити шаклланганини, аммо баъзи доиралар бу жараёнга путур етказишга уринаётганини таъкидлади. У минтақада барқарорликни сақлаш учун қўшма саъй-ҳаракатлар муҳимлигига урғу берди ва Афғонистоннинг чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва қўшма тергов ишлари ўтказишга тўлиқ тайёрлигини маълум қилди. Муттақи барча масалаларда ишларни мувофиқлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Сирожиддин Муҳриддин Душанбе Афғонистон ҳукумати билан ижобий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. У икки томонлама муносабатларга путур етказишга интилаётган «нохолис гуруҳлар» фаолиятини қоралади.
Вазирлар икки мамлакат чегара кучлари ўртасида мунтазам алоқалар ўрнатиш ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма қўмиталарни тузишга келишиб олдилар.
Музокараларга беш нафар Хитой фуқаросининг ҳаётига зомин бўлган Тожикистон-Афғонистон чегарасида содир бўлган воқеалар туртки бўлди. 26 ноябрь куни содир бўлган биринчи ҳодисада «Шохин СМ» тоғ-кон компаниясининг уч ходими дрон зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Иккинчисида, 30 ноябрь куни, China Road and Bridge Corporation йўл қурилиш компаниясининг икки ишчиси Афғонистон ҳудудидан олиб борилган отишма оқибатида ҳалок бўлди.
30 ноябрь куни кечқурун Хитойнинг Тожикистондаги элчиси Го Чжицзюн Ташқи ишлар вазири ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари билан телефон орқали фавқулодда музокаралар олиб борди. 1 декабрь куни Тожикистондаги Хитой элчихонаси ўзининг WeChat аккаунтида Хитой компанияларини тожик-афғон чегара ҳудудларидан ходимларини зудлик билан эвакуация қилишга доир чақириқни жойлаштирди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Афғонистон ҳудудидан қилинаётган ҳужумларни қоралади ва тегишли органларга вазиятни ҳал қилиш учун самарали чоралар кўришни буюрди. Афғонистонни бошқараётган толиблар* ҳам ҳужумларни қоралаб, уларни провокация деб атади ва қўшма тергов ишларига тайёрлигини билдирди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, Душанбе Москва ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) билан Россия қўшинларини Афғонистон билан чегарани патрул қилиш учун жойлаштириш имкониятини муҳокама қилмоқда.
Аввалроқ, 2024 йил 28 ноябрь куни Остонада бўлиб ўтган КХШТ саммитида тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш бўйича Мақсадли давлатлараро дастур тасдиқланганди. Ўн йилдан ортиқ вақт ичида тайёрланган дастур беш йилга мўлжалланган ва уч босқичдан иборат. Тахминан бир йил давом этадиган биринчи босқич эҳтиёжларни таҳлил қилиш ва аъзо давлатлар томонидан ажратиладиган ресурсларни аниқлашни ўз ичига олади. Чора-тадбирларни амалга ошириш иккинчи ва учинчи босқичларда бошланади. 2025 йил июль ойида КХШТ котибияти Тожикистон чегарачилари учун қурол-яроғ ва техникаларнинг аниқ рўйхатини тасдиқлади, уларнинг етказиб берилиши 2026 йилда бошланиши кутилмоқда.
*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.



