Қозоғистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Кирилл Кекер вафот этди

Кирилл Кекер. »Қайрат» ФК фотосурати

Қозоғистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи, Олмаотадаги «Қайрат» академияси раҳбари ва ўтмишда қирғиз ва қозоқ футболчиси бўлган Кирилл Кекер 46 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Қайрат» футбол клуби маълум қилди.

Ўлим сабаби аниқланмаган.

«Бу бутун клуб учун оғир ва улкан йўқотиш. Биз ўн йилдан ортиқ вақт давомида «Қайрат» тизимининг муҳим қисми бўлган ва футболимиз ривожига ҳисса қўшган инсон вафотидан чуқур қайғудамиз. Кирилл Сергеевич фидойи профессионал, қатъий ва адолатли устоз, ёш футболчилар салоҳиятини қандай очишни ва энг муҳим дақиқаларда уларни қўллаб-қувватлашни биладиган инсон эди. Унинг академия, асосий жамоа ва Қозоғистон U-19 терма жамоаси ривожига қўшган ҳиссасини баҳолаб бўлмайди», — дейилади клуб баёнотида.

Кирилл Кекер — Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳрида туғилган. У футбол фаолиятини ўз ватанида Миллий гвардия жамоасида бошлаган ва бир мавсумни Ҳиндистонда ўтказган. 1999 йили у Қозоғистонга кўчиб ўтади ва у ерда 2013 йилгача турли клубларда ўйнайди. 2014 йили Кирилл мураббийлик фаолиятини бошлайди. 2016 йили у «Қайрат»га қўшилган ва у ерда икки йил давомида асосий клубни ҳам қўшиб ҳисоблаганда турли ёш тоифасидаги жамоаларга мураббийлик қилган. Кейин у «Ордабаси» клубида ишлаган. Кейинчалик у Қозоғистондаги энг яхши деб ҳисобланган «Қайрат» академиясини бошқарган. 2025 йил бошида у Қозоғистон U-19 терма жамоасига бош мураббий сифатида таклиф қилинган ва жамоани Еврога олиб чиққан. Кекер бошчилигидаги жамоанинг сўнгги ўйини 18 ноябрь куни бўлиб ўтди, ўшанда улар Кипр билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнашган ва бу уларга Европа чемпионатига йўлланмани тақдим этган.

«Фарғона» таҳририяти Кирилл Кекернинг оиласи ва дўстларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ