Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Туркия президенти аппарати қошидаги Қўлёзмалар бошқармаси Туркия кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни ўрганишга келишиб олдилар, деб хабар беради ИЦМ матбуот хизмати.
ИЦМ директори Фирдавс Абдухолиқов ва Қўлёзмалар бошқармаси бошлиғи Жўшқун Йилмаз ИЦМнинг «100 та ноёб Қуръон қўлёзмаси» ва «Ўзбекистонга оид 100 та ноёб қўлёзма» лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилишди. Сулаймония кутубхонасида сақланаётган 800 мингдан ортиқ қўлёзмалар орасида Ўзбекистон маданий меросига оид қўлёзмалар муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Томонлар ушбу ҳужжатларни биргаликда ўрганиш, факсимиле нашрларини тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар олиб боришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тобора юксалиб бораётгани ва бу жараёнда икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги келишувлар катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
«Ўзбек ва турк халқларининг тарихи ва маданий мероси муштарак. Қўлёзмалар бўлимида сақланаётган кўплаб матнлар икки халқнинг умумий бойлиги ҳисобланади. Шунинг учун биз ушбу бойликни ўрганиш ва қўлёзмалар бўйича биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун кучларимизни бирлаштиришимиз лозим», — деди Йилмаз.
Учрашув сўнггида Йилмаз ИЦМга Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарининг факсимиле нусхасини тақдим этди, унинг аслияти XI асрда яратилган бўлиб, Туркия Миллий кутубхонасида сақланади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



