ФИДE Жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов Ўзбекистон миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди

Рустам Қосимжонов. Ўзбекистон Шахмат федерацияси матбуот хизмати фотосурати

2004 йилги ФИДE (Халқаро шахмат федерацияси) жаҳон чемпиони, гроссмейстер Рустам Қосимжонов шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда Республика Шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

«Рустам Қосимжонов – ўзбек шахматининг фахрли вакили, чуқур билим ва катта халқаро тажрибага эга мутахассис. У нафақат дунёнинг энг кучли гроссмейстерларидан бири сифатида танилган, балки халқаро даражадаги спортчилар билан мураббий сифатида ҳам фаол ишлаган», — дейилади хабарда.

Мураббийга халқаро майдонда барқарор натижаларни мустаҳкамлаш, ёшлар учун замонавий тайёргарлик тизимини йўлга қўйиш, жамоани, жумладан 2026 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Жаҳон шахмат олимпиадасига сифатли тайёрлаш каби аниқ вазифалар юклатилган.

ℹ️ Рустам Қосимжонов 2004 йили Триполида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан, кейин эса ҳиндистонлик Вишванатан Ананданинг чемпионатдаги бахсларида унга мураббийлик қилган, Магнус Карлсенга қарши тож учун курашларда Сергей Карякин ва Фабиано Каруаненинг секунданти бўлган. Карлсеннинг ўзи Қосимжоновга қарши ўйнаш «жуда қийин» бўлганини таъкидлаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шахматни оммалаштириш ишлари фаол олиб борилмоқда. 2021 йил январь ойида Республикада шахматни ривожлантириш бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Халқаро миқёсда сезиларли ютуқларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон илк бор шахмат олимпиадасида ғолиб чиқди ва Самарқандда рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Бир нечта ёш гроссмейстерлар етишиб чиқди, бугунги кунда дунёнинг энг кучли ўйинчиларидан бири Нодирбек Абдусатторов шулар жумласидан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ