Ўзбекистонда мобил операторлари фирибгарликка қарши бепул тизимни жорий қилишди

rbk.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча уяли алоқа операторлари фойдаланувчиларни сохта қўнғироқлардан ҳимоя қилишга мўлжалланган anti-spoofing (антиспуфинг) технологиясини жорий қилди. Тизим мобил операторлари томонидан Республика Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда ишга туширилди, деб ёзади «Газета.uz» вазирликка таяниб.

Рақамли технологиялар вазирлигининг аниқлик киритишича, функция барча абонентлар учун ёқилган, яъни фойдаланувчилар иловаларни ўрнатиши ёки қўшимча параметрларни фаоллаштириши шарт эмас. Бундан ташқари, ушбу хизмат бепул тақдим этилади.

Аnti-spoofing технологияси сохта рақамлардан қўнғироқларни автоматик равишда блоклайди, бу нафақат телефон фирибгарлиги, балки шахсий маълумотларнинг номаълум шахсларга сизиб чиқиши эҳтимолини ҳам олдини олади.

«Антиспуфинг» тизими рақамнинг ҳақиқийлигини текширади: агар хориждан келаётган қўнғироқ Ўзбекистондаги ҳақиқий фойдаланувчидан эмас, балки маҳаллий сифатида ниқобланган (+998 префикси билан) рақамдан бўлса, тизим уни блоклайди. Ўзбекистон мобил операторларининг гўёки роуминг рақамларидан бўлган қўнғироқлар ҳам блокланади.

Бундан ташқари, мобил телефон компаниялари роботли қўнғироқларни автоматик блокировка қилиш тизимларини ҳам жорий қилган.

Аnti-spoofing тизими Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси ва кўмагида амалга оширилаётган телефон фирибгарлигига қарши кураш бўйича кенг кўламли дастурнинг бир қисми ҳисобланади.

ℹ️ Антиспуфинг — бу фирибгарликдан ҳимоя қилиш учун чора-тадбирлар ва технологиялар тўплами. Бундан ташқари, у компьютер тармоқларида сохта IP-манзилли пакетларни фильтрлаш ва биометрик аутентификация тизимларида тармоқда шунчаки фотосурат ёки ниқоб эмас, балки ҳақиқатда инсонни ўзи мавжудлигини текшириш учун ишлатилади.

Бир неча йил аввал Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари кибержиноятлар кескин ошганини пайқашган эди. Масалан, расмий статистик маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳрида 2020-2022 йиллари бундай жиноятлар сони 40 баробарга ошган. Вазиятдан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ИИББ тизимида ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўлими ташкил этилди.

Шу йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Телеграм мессенжерида сохта дастурлар тарқатиш орқали фуқароларнинг банк карталаридан пул ўғирлаган беш нафар жиноий гуруҳ аъзоси қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. Тергов маълумотларига кўра, жиноятчилар қарийб 3 миллиард сўм (тахминан 240 минг доллар) ўғирлашган.