Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Шерали Бобоқулов Тожикистонда эркаклар ўртасидаги олий лигада иштирок этаётган «Истаравшан» клубига бош мураббий этиб тайинланди.
Ўзбекистонлик мураббий мавсум бошидан буён жамоани бошқариб келган тожикистонлик Шуҳрат Шамсиев ўрнини эгаллади.
Бу Бобоқуловнинг профессионал эркаклар футболидаги илк тайинланишидир. Унинг шартномаси шу йил охиригача амал қилади. Мураббий зиммасига клубни қуйи лигага тушиб кетишдан қутқариш вазифаси қўйилган. 19 октябрь куни Бобоқулов қўл остидаги илк учрашувда «Истаравшан» кутилмаганда лига пешқадамларидан бири бўлган Душанбенинг ЦСКА клубини (2:1) мағлуб этди.
Эслатиб ўтамиз, «Истаравшан»да тўрт нафар ўзбекистонлик футболчи бор.
Шерали Бобоқулов бир неча йил давомида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ва Жиззахнинг «Сўғдиёна-W» клубига устозлик қилган. 2021 йилда у Ўзбекистоннинг аёллар футболидаги энг яхши мураббийи деб топилган. Мураббий қўл остида «Сўғдиёна» жамоаси Ўзбекистон чемпионати ва кубогида, шунингдек, аёллар клублари ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиққан.