Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Фабио Каннаваро қўл остида илк бор мағлубиятга учради

Ўзбекистон-Уругвай ўйинидан лавҳа. ЎФА матбуот хизмати фотосурати

13 октябрь куни Малайзияда бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Уругвайга 2:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу Ўзбекистон терма жамоасининг италиялик мураббий Фабио Каннаваро қўл остидаги иккинчи учрашуви эди: биринчи ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси Қувайтни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.

Ўзбекистон терма жамоаси Уругвайга қарши ўйинга оптимал таркибда ёндашмаган эди. Абдуқодир Ҳусанов, Жалолиддин Машарипов, Хусниддин Алиқулов каби бир қанча асосий футболчилар жароҳат олганди. Аввалги баҳсда Аббос Файзуллаев ҳам жароҳат олган эди. Айни пайтда Уругвай терма жамоаси Малайзияга кўпчилик юлдузларисиз етиб келди, бироқ бу таркиб ҳам Жанубий Америка терма жамоасига Ўзбекистонни мағлуб этиши учун етарли бўлди.

Биринчи бўлим анчагина тенг курашлар остида ўтди, жамоалар эҳтиёткорлик билан ўйнашди ва танаффусга бироз вақт қолганда кескин ҳужумлар алмашишди. Иккинчи бўлимда ташаббусни Уругвай ўз қўлига олди: 51-дақиқада Факундо Торрес ҳисобни очган бўлса, ўн дақиқадан сўнг Хуан Мануэл Санабрия дублга эришди. Иккала голни Федерико Виняс ташкиллаштирган эди ва у Муҳаммадқодир Ҳамралиевни икки марта алдаб ўтиб, голли узатмани амалга оширди. Ўзбекистонликлар ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлишди: 82-дақиқада Русланбек Жиянов гол урди.

Бу мағлубият Ўзбекистон – Уругвай ўйини тарихидаги учинчиси бўлди: ўзбекистонликлар бунгача 2018 ва 2019 йиллари ҳам 0:3 ҳисобида мағлуб бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ