ТИВ: Россияда судланган ўзбекистонликларнинг ярмидан кўпи гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун жазо ўтамоқда

Мунира Низамова. Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати видеосидан кадр

Россияда жазо ўтаётган ўзбекистонликларнинг 60 фоизи гиёҳванд моддалар савдоси ва ташишда айбланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти Фуқаролик масалалари, легализация ва бошқа консуллик ҳаракатлари бошқармаси бошлиғи Мунира Низамова маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».

Жинсий зўравонлик ўзбекистонликлар томонидан содир этилган жиноятлар бўйича иккинчи ўринда туради ва барча судланганларнинг 12 фоизини ташкил қилади. Кейинги ўринларда қотиллик (7%), оғир тан жароҳати етказиш (тахминан 5%), ўғирлик (4%), фирибгарлик (3%) ва бошқа жиноятлар (8%).

Низомова, шунингдек, қатор шов-шувли воқеалар, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари иштирокида содир этилган терактлар ва буюртма асосидаги жиноятлардан сўнг Россияда ўзбекларга муносабат ўзгарганини таъкидлади: аэропортлардаги текширувлар сезиларли даражада қаттиқлашди.

«Аэропортларда Ўзбекистондан келадиган рейсларда текширувлар жуда узоқ, мукаммал ўтказиляпти. Ўртача 6−8 соат. 10 соат, 12 соатлаб текширув бўлган ҳолатлар ҳам бор. Кўз олдингизга келтиринг, аёллар фарзандлари билан 12 соатлаб аэропортда ўтирса. Бу бекорга бўлаётгани йўқ-ку? Фуқароларимизнинг хорижда қилаётган хатти-ҳаракатларининг салбий таъсири бу», — деди ТИВ вакили.

Лекин шунга қарамай дипломатик миссия вакиллари Россия, Қозоғистон, Корея, Туркиядаги депортацион марказларига бориб, жазо муддатини ўтаётган фуқаролар билан учрашувлар ўтказишади, уларнинг орасида тушунтириш, профилактик ишларни олиб боришади, дея қўшимча қилди Низамова.

Унинг таъкидлашича, хориждаги ўзбекистонликлар томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг катта қисми уларнинг қабул қилаётган давлат қонунлари, анъаналари ва тилини етарли даражада билмаслиги билан боғлиқ. Иш ёки ўқиш учун кетаётганларнинг кўпчилиги чет эл элдаги ҳуқуқий муҳитига биринчи марта дуч келади, бу эса кўпинча яшаш қоидалари бузилиши, сохта ҳужжатлардан фойдаланиш ва маъмурий жазо чоралари қўлланилишига олиб келади.

«Фуқароларимиз орасида билиб туриб жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бу нима билан боғлиқ? Катта даромад ортидан қувиб, пул ишлаш мақсадида. Ёки мана Ўзбекистонда бизда маҳалла тизими бор, тўғрими? Қариялар, ота-она ёки маҳалладаги қариялар бор, уларнинг назорати бор. Бизнинг фуқаролар хорижга чиққанда мана шу назоратдан ташқарида қолганидан кейин ғайритабиий ҳаракатларни амалга оширишади», — деб тушунтирди Мунира Низамова.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқаролари қаерда бўлишидан қатъи назар, давлат томонидан ҳимоя қилинишини маълум қилганди. Вазирлик юртдошларни ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган тақдирда мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишга чақиради.

ℹ️ Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида миграция жараёнлари устидан назорат кучайиши шароитида Россия ҳудудида чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони сезиларли даражада ошган, биринчи навбатда, мамлакатга кириш, яшаш ва ишга жойлашиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ. Ҳуқуқбузарликларнинг ўсиши, биринчи навбатда, мамлакатга кириш ва яшаш қоидаларини бузиш билан боғлиқ: ИИВ маълумотларига кўра, бундай ҳолатлар 27,9 фоизга (301 мингдан 385 мингга) ошган.

Шу даврда ноқонуний миграцияни ташкил этиш билан боғлиқ 1359 та жиноят аниқланган (ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсган). 2800 нафар чет эл фуқароси Россиядан чиқариб юборилган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,1 фоизга кўп), 791 нафар шахсга нисбатан Россия фуқаролигини бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ