Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази Халқаро экспертлар кенгашининг форуми бўлиб ўтади

Ислом цивилизацияси маркази. Марказ матбуот хизмати фотосурати

26-27 сентябрь кунлари Тошкентда «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуида форум бўлиб ўтади. Унда Ислом цивилизацияси маркази Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари иштирок этади, деб хабар беради марказ матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум давлат раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази концепциясини шакллантиришда муҳим қадам бўлади.

Форум ўнта тематик бўлимда ташкил этилган бўлиб, уларнинг ҳар бири Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари: Муқаддас Қуръони Карим зали, Исломгача бўлган цивилизациялар, Ислом динининг тарқалиши тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври, хонликлар даври, кутубхона, музей, артефакт ва қўлёзма коллекциялари, шунингдек қўшма лойиҳалар учун халқаро платформа яратиш каби мавзуларга бағишланган.

Муҳокамаларда Ўзбекистон ва хориждан икки юздан ортиқ мутахассислар, жумладан, IRCICA, Бутунжаҳон ислом лигаси, ТУРКСОЙ, миллий кутубхоналар ва архивлар, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти, Оксфорд университети, Christie’s ва бошқа етакчи ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда.

Форум амалий характерга эга: унда музей кўргазмасининг якуний тафсилотлари, Марказнинг илмий ва таълим лойиҳалари, коллекцияларни рақамлаштиришга янгича ёндашувлар, мультимедиа технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинади. Дастур доирасида ҳамкорлик меморандумларини имзолаш, форумнинг якуний декларациясини қабул қилиш, Ислом цивилизацияси марказига артефактларни топшириш маросими ўтказилади.

Форумда Марказ фаолиятини янада ривожлантириш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилиши, халқаро кўргазмалар, илмий тадқиқотлар ва рақамли лойиҳалар режасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

  • Тошкентдаги Human House арт-майдонининг яратувчилари ўз уйларини бузилишдан сақлаб қола оладиларми

  • 9 май куни Ўзбекистон телеканаллари янги ҳарбий-тарихий фильмларни намойиш этади

  • Самарқанддаги ўрта асрлар меъморий ёдгорлиги – Шоҳи Зинда мақбарасини «реставрация»лар қандай қилиб ҳалок этаётгани ҳақида

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари, тўртинчи очерк. Шайх Абдулқосим ва “вабо исёни”