Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ялпи мажлисида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қирғизистоннинг икки банкига нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилишни талаб қилди ва халқаро ҳамжамиятни Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг таъкидлашича, Қирғизистон Россия-Украина можароси оқибатларини ҳис қилмоқда, чунки бир томонлама санкциялар мамлакатга салбий таъсир кўрсатмоқда.
«Қирғизистон ўз иқтисодиётини мустақил равишда мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширмоқда. Шунинг учун биз асоссиз санкцияларни мамлакат ички ишларига аралашиш ва ҳали ривожланаётган иқтисодиётимиз ривожланишига тўсқинлик қилувчи босим сифатида қараймиз» — деди Жапаров.
Унинг фикрича, Қирғизистон банкларига нисбатан санкциялар айрим нодавлат ташкилотлар ва виждонсиз шахслар томонидан тарқатилган ёлғон маълумотларга асосланган. Президент Қирғизистон банк фаолияти устидан мустақил халқаро аудит ўтказишга тайёр, дея ишонтирди.
Жапаров Қирғизистондан Россия билан ҳамкорлик қилмасликни талаб қилиб, бир вақтнинг ўзида у билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантираётган Ғарб давлатлари ёндашувларидаги қарама-қаршиликларга эътибор қаратди.
«2024 йили Европа Иттифоқи давлатлари Россия билан 141 миллиард долларлик товар айирбошлаш амалга оширган, шундан 36 миллиард доллари Россиядан импорт қилинган маҳсулотлардир. Айни пайтда икки банкимизга қарши санкциялар жорий этган Буюк Британия ҳам ўша йили Россия билан 2,2 миллиард долларлик савдо қилган», — дея аниқ рақамларни келтирди Жапаров.
«Очиғини айтсам, баъзилар ўз манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда Россия билан ҳамкорлик қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, бошқаларга эса буни тақиқлайди. Буни нима деб аташ мумкин? «Бошқалардан талаб қилишдан олдин, ўзинг ўрнак бўл», деган нақл бор», – деди Қирғизистон президенти.
Жапаров таъкидлашича, унинг мамлакати Россия билан Ғарб давлатларига қараганда анча кўпроқ иқтисодий алоқаларга эга ва шунинг учун Қирғизистон РФ билан иқтисодий ҳамкорликдан воз кеча олмайди.
Қирғизистон фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашни ўзининг асосий масъулияти деб атаган Жапаров иқтисодиёт ва савдони сиёсийлаштиришга кескин қаршилигини билдирди. У Қирғизистоннинг икки банкига: АҚШ санкциялар рўйхатига киритилган «Керемет Банк» ва Буюк Британия рўйхатига киритилган «Марказий Осиё Капитал банки»га нисбатан санкцияларни бекор қилишни талаб қилди.
Президент нутқининг асосий мавзуларидан бири Ғазо секторидаги жанглар бўлди. Жапаров бу ҳудудни «минглаб болалар қабристони» деб атаган БМТ Бош котибини тилга олиб, фаластинликларга қарши геноцидни тўхтатишни ва Халқаро суд томонидан халқаро суд терговини бошлашни талаб қилди. Президент Қирғизистон ҳар қандай зўравонлик ва террорчилик кўринишларини, жумладан 2023 йил 7 октабрда Исроилга қарши содир этилган терактларни қоралашини таъкидлаб, терроризмга қарши курашда тинч аҳоли ҳалок бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, Фаластин-Исроил можаросининг ягона ечими «икки халқ учун икки давлат» тамойилини амалга оширишдир.
Жапаров, шунингдек, Қатар ва Эронга берилган ракета зарбаларини қоралаб, бу ҳаракатлар давлатлар суверенитетини бузиши ва минтақавий барқарорликка таҳдид солаётганини таъкидлади.
Жапаров Афғонистондаги гуманитар инқирозга алоҳида эътибор қаратди. У Ғарб давлатлари музлатиб қўйган 9 миллиард доллардан ортиқ афғон активларини зудлик билан қайтаришга чақириб, молиявий воситалардан геосиёсий ва мафкуравий манфаатлар учун фойдаланишни ғайриинсоний деб атади. Жапаров БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилди15 миллион афғон очарчиликка дучор бўлишини, 24 миллион киши эса гуманитар ёрдамга муҳтож бўлишини таъкидлади. Музлатилган маблағлар инфратузилмани тиклаш, маҳаллий банклар орқали кредит олиш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва қашшоқликда яшаётган миллионлаб одамлар учун янги имкониятлар яратишга ёрдам бериши мумкин.
«Сизлар бу маблағлардан фойдаланиб, фойда кўряпсизлар. Бу сиз учун шармандаликдир»— деди Қирғизистон президенти Ғарб давлатларига юзланиб.
Жапаров, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги вакилликни ошириш тарафдори, хусусан, Африка давлатларининг кенгроқ иштирок этиш ҳуқуқларини таъкидлади. У Қирғизистоннинг 2027-2028 йилларга мўлжалланган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзодини тасдиқлаб, мамлакат илгари бу органга сайланмаганини таъкидлади.
Унинг нутқида Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик мавзуси алоҳида ўрин тутди. «Ишонч билан айта оламанки, бугунги кунда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралар дўстлик, савдо-сотиқ ва ҳамкорлик чегараларидир», — деди Жапаров.
У, шунингдек, иқлим ўзгариши таҳдидларини атрофлича муҳокама қилиб, тоғли мамлакат сифатида Қирғизистон музликларнинг эриши ва сув танқислигидан ҳимоясизлигини таъкидлади.
«Келинг, дунё бўйлаб қурол-яроққа ҳар йили сарфланадётган уч триллион доллардан кўпроқ маблағни одамлар ҳаётини яхшилаш, очликка барҳам бериш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳавони тозалаш учун сарфлайлик... Ҳаммамиз бир ҳаводан нафас оламиз. Шу боис, мен сизларни кимда энг кучли қуролга эга бўлиш пойгасида эмас, табиати ва ҳавоси энг тоза мамлакат учун рақобатда яшашга», — деди Қирғизистон президенти.