Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (IRCICA) нинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Аширбек Мўминов ва Қоҳира университети профессори Жалол Саид Ал-Ҳафнавий Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази музейига ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Меҳмонлар бинонинг архитектураси, кўргазма заллари, Марказнинг режалари билан таништирилди. Улар Марказнинг ICESCO, UNESCO, TURKSOY ва IRCICA каби халқаро ташкилотлар фаолияти учун заллар яратишни ўз ичига олган режаларига юқори баҳо бердилар.
Аширбек Мўминов кўргазмаларда қўйилган материаллар ва илмий шарҳлар Марказий Осиё тарихи билан чекланиб қолмасдан, минтақанинг бутун ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини очиб беришини таъкидлади. Олимлар Ҳазрати Имом мажмуаси яқинида ўн гектарга яқин майдонда барпо этилган мажмуа, унга туташ институт ва масжид тенги йўқ маданият маркази эканлигини таъкидладилар.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.