Пойтахтдаги Ислом цивилизацияси маркази музейида Нақшбандия тариқатининг йирик вакили, мутафаккир ва маънавият пешвоси Махдуми Аъзам Косонийга бағишланган махсус кўргазма тайёрланмоқда. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Кўргазмадан Косоний билан боғлиқ қўлёзмалар, асарлар, нодир ашёлар ўрин олган. Шунингдек, унинг Самарқанд вилоятида жойлашган мақбара мажмуасининг реконструкция қилинган меъморий элементлари ҳам намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар сўфийлик таълимотининг ботиний ва зоҳирий жиҳатлари уйғунлашган маънавият мактаби муҳитини ҳис қилган ҳолда, ёдгорлик мажмуаси йўлаклари ва залларида виртуал сайр қилиш имконини берувчи мультимедиа материаллари ва 3D моделларни кўришади.
Лойиҳа нафақат ўтмишни эслатиш, балки авлодлар ўртасидаги мулоқот майдони сифатида ҳам ишлаб чиқилган. Махдуми Аъзам ғоялари сўфийлик анъаналари сарҳадидан ҳам ошиб ўтгани таъкидланади.
«Бу ахлоқий тарбия, жамиятга хизмат қилиш ва маданий ўз тақдирини ўзи белгилаш фалсафасидир. Унинг мероси миллий хотира ва маънавий ўзликнинг бир қисми сифатида қаралади ва кўргазма сўфийлик тафаккурининг минтақа илм-фани, архитектураси ва маданиятига таъсирини тушуниш учун платформага айланади», — дейилади хабарда.
Махдуми Аъзам Косоний (Саййид Аҳмад Хожаги Даҳбедий, 1461–1542) Ўрта Осиёнинг етук мутафаккирларидан бири, маънавият устози, илоҳиёт олими, жамоат арбоби. Касбида туғилиб, Бухоро ва Самарқандда таҳсил олган, Самарқанд вилоятида Нақшбандия тариқатини бошқарган. У жамият ва сиёсат ҳаётида ҳам фаол иштирок этган, илм, ахлоқ ва камолот ғояларини тарғиб қилган. Махдуми Аъзам фақат ботиний (руҳий) ишлар билан чекланмоқ эмас, балки инсониятга хизмат, ҳалол меҳнат, инсонпарварлик каби ташқи амалларнинг ҳам муҳимлигини таъкидлайди.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.