Россия чет эллик ишчиларни жалб қилиш бўйича ёндашувини ўзгартириб, мигрантларнинг ортга қайтишини кўзда тутувчи моделга ўтмоқда. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Сочида бўлиб ўтган Бутунроссия меҳнатни муҳофаза қилиш ҳафталигининг ялпи мажлисида маълум қилди, дея хабар беради ТАСС.
«Агар биз ишчи кучи тақчиллиги шароитида ривожлансак, аниқки, шароитдан келиб чиқиб, биз мигрантларни жалб қиламиз, албатта. Лекин биз бошлаган жараённи якунлашимиз керак, яъни миграциясига қуйидаги ёндошув бўлади: — келди, ишлади ва кетди — деди вазир.— Ҳаммаси адолатдан: одамлар бошқа мамлакатлардан келишади, ишлаб пул топишади ва ортга қайтишади.
Бу ерда бизга оилалар керак эмас ва ҳеч кимни (мамлакатимиз фуқароларидан ташқари) [мактабда] ўқитишга мажбур эмасмиз. Шу сабабли, бу жараён шаклланмоқда, менимча, ҳеч ким миграцияга узоқ муддат жиддий таянишга тайёр эмас».
Вазир, шунингдек, ҳозирда асосий устувор вазифа маҳаллий аҳолининг меҳнат унумдорлигини ошириш эканини таъкидлади, деб ёзади «Коммерсантъ». Максим Решетниковнинг таъкидлашича, бунинг учун махсус лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, у бошқа нарсалар қаторида платформали иқтисодиёт имкониятларини ҳисобга олади.
Россия ҳукумати мигрантларнинг мамлакатда яшаш қоидаларини мунтазам кучайтириб бормоқда. Шу билан бирга, алоҳида ҳудудлар ҳам ўз чекловларини жорий қилмоқда. Мисол учун, 1 сентябрь куни Москва шаҳри ва Москва вилоятида «Амина» мобил иловаси ёрдамида хорижий фуқароларнинг жойлашувини кузатиш бўйича тажриба дастури ишга туширилди. Эндиликда визасиз мамлакатлардан келган мигрантлар телефонларига «Амина»ни ўрнатишлари шарт. Улар ўзларининг яшаш жойларига оид долзарб маълумотларни қайд этишлари ва ўзларининг геолокациясига киришни таъминлашлари керак. Ушбу талабни бажармаганлар регистрациясидан маҳрум бўлиши ва назорат остидаги шахслар реестрига киритилиши мумкин.