Суд ижрочилари Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев оиласини Бишкек чеккасидаги Қўй-Тош қишлоғидаги уйидан мажбуран чиқариб юборди. Собиқ давлат раҳбарининг ўғли Қадирбек Атамбаев расмийларнинг ҳаракатларини «мутлақ қонунсизлик» деб атади. У бу ҳақда Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.
«Улар мени, онам ва оила аъзоларимни Қўй-Тошдаги уйимиздан ноқонуний равишда ҳайдаб чиқармоқчи ва бизни ота-боболаримиз заминидан, том маънода 100 метр узоқликда барча қариндошларимиз дафн этилган ерда бошпанасиз қолдиришмоқчи. <…> Бу мутлақ қонунсизлик», — деб ёзади Қадирбек Атамбаев.
У айни пайтда шаҳар судида ушбу масала бўйича суд жараёни давом этаётганини қўшимча қилган. Шунга қарамай, суд ижрочилари, унинг сўзларига кўра, «юқоридан келган буйруқга кўра» ноқонуний ҳаракатларга қўл урмоқда. Атамбаев Олий суд ва Конституциявий палатага мурожаат қилмоқчи.
Собиқ президентнинг қизи Алия Шагиева ижтимоий тармоқларда суд ижрочилари огоҳлантиришсиз уйга келгани, контейнер олиб кириб, унинг оила аъзолари нарсаларини мажбуран унга юклагани ҳақида хабар берган. Шу билан бирга, суд ижрочилари одамларни ёмғир остида қолдириб, кўчага ҳайдаб чиқаришган.
Шагиеванинг сўзларига кўра, унинг оиласига ҳеч қандай ҳужжат ва суд қарори тақдим этилмаган. У ушбу иш бўйича жараён ҳали давом этаётганини эслатиб, суд ижрочилари қарор бўлган тақдирда ҳам, қонунда кўчириш учун маълум муддат кўзда тутилганлигини қўшимча қилган.
Кейинроқ Алмазбек Атамбаевнинг фарзандлари ҳозирча қариндошлариникида яшаётганини ёзишган.
12 сентябрь куни Қирғизистон Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Тимур Малбашев журналистларга республика собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг қароргоҳи суд қарори билан давлатга қайтарилганини маълум қилди. Мулозимнинг таъкидлашича, мазкур ҳудудда замонавий қариялар уйи, Қўйтош ва қўшни қишлоқлар болалари учун 500 ўринли болалар боғчаси қурилиши режалаштирилган. Агентлик бошлиғининг сўзларига кўра, яқин кунларда объектлар қурилиши бошланади ва келгуси йилга қадар якунланиши керак.
ℹ️ 2019 йил август ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Алмазбек Атамбаевни Қўй-Тошдаги қароргоҳида ҳибсга олишга уринган эди. Аммо сиёсатчининг тарафдорлари хавфсизлик кучларига қаршилик кўрсатишган. Оқибатда хавфсизлик хизматининг бир ходими ҳалок бўлган, юздан ортиқ киши жароҳатланган.
Қўй-Тош воқеалари бўйича суд жараёни 2022 йили бошланган. Кейинроқ суд жараёнига коррупция билан боғлиқ эпизодлар қўшилган. 2023 йил февралида иш бўйича асосий айбланувчи Атамбаев хорижда даволаниш учун ҳибсдан озод қилинган. Собиқ президент Испанияга учиб борган ва шундан бери ватанига қайтмаган.
Жорий йил июнь ойида суд Қўй-Тош воқеалари бўйича собиқ давлат раҳбарини 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилган эди. Қамоқ муддатидан ташқари, Атамбаев мулклариини мусодара қилишга ҳукм қилинган ва давлат мукофотларидан маҳрум бўлган.
Мамлакатнинг амалдаги президенти Садир Жапаров суд ҳукмини оғир деб атаган ва агар Атамбаев вакиллари тегишли ариза билан расмий идораларга мурожаат қилишса, маҳкумни афв этишга тайёрлигини айтган.