Қирғизистонда давлат тилидан фойдаланишга қўйиладиган янги талаблар 2025 йил августидан кучга киради. Тегишли қонунни мамлакат президенти Садир Жапаров 9 август куни имзолаган, ҳужжат расмий эълон қилинганидан ўн кун ўтиб кучга киради, деб ёзади Economist.kg.
Қонун Жогорку Кенеш (парламент) томонидан жорий йилнинг 25 июнида қабул қилинган бўлиб, унда 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш назарда тутилган.
Асосий ўзгаришлар қатор касб ва лавозим вакилларининг қирғиз тилини билишига тааллуқлидир. Янги талабларга кўра, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, адвокатлар, нотариуслар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва миллий хавфсизлик органлари ходимлари, шунингдек, давлат лавозимларига номзодлар, судялар ва прокурорлар давлат тилини билиши шарт.
Жуғрофик номлар соҳасида объектлар номлари фақат давлат тилида берилиши белгиланди, уларни бошқа тилларга таржима қилиш тақиқланади. Расмий ҳужжатларда, оммавий ахборот воситаларида ва хариталарда бундай номлар фақат халқаро стандартларга мувофиқ транслитерация орқали узатилади.
Эндиликда «Реклама тўғрисида»ги қонунда реклама фақат қирғиз тилида реклама берувчининг илтимосига кўра тарқатилиши мумкинлиги, ташқи реклама матнлари эса тил меъёрлари ва имло қоидаларига мувофиқлиги юзасидан маҳаллий ҳокимият органлари билан қўшимча равишда келишилиши кераклиги кўрсатилган. Реклама аввал давлат тилида, сўнгра расмий (яъни рус) тилда жойлаштирилади ва расмий тилдаги шрифт кичикроқ бўлиши керак.
Телевидение ва радиоэшиттиришлар учун қирғиз тилидаги минимал контент чегараси белгиланди — эфир вақтининг камида 60 фоизи. Агар кино ва кўрсатувлар қирғиз тилида бўлмаса, улар дубляж қилиниши керак. Жамоат жойларида (дўконлар, муассасалар, ташкилотлар) мусиқа ва овозли хабарлар учун ҳам худди шундай чегара (60%) жорий қилинган.
Банк ва микромолия соҳасида барча шартномалар қирғиз тилида тузилиши керак; зарур ҳолларда расмий ёки бошқа тилга таржима қилиш мумкин. Микромолия ташкилотлари мижозлари учун кредитлар тўғрисида тўлиқ маълумот қирғиз тилида, келишув бўйича эса бошқа тилларда тақдим этилади.
Миграция сиёсати соҳасида яшаш учун рухсатнома олмоқчи бўлган чет элликлар учун тил талаблари кучайтирилади: қирғиз тилини билишнинг зарур даражаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Иммигрант мақомини олиш учун энди фақат расмий тилни билишга рухсат берилмайди.
Таълим соҳасида ўрта ва олий касб-ҳунар таълими муассасаларига кўчиб ўтишда ва битирувдан сўнг қирғиз тилидан ёзма ва оғзаки имтиҳонлар жорий этилмоқда; бошланғич касб-ҳунар таълими учун – якуний имтиҳонларни давлат тилида топшириш мумкин. Мактабларда давлат тилидан мажбурий ёзма ва оғзаки кўчириш (синфдан синфга) ҳамда якуний имтиҳонлар жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, умумий танишиб чиқиш маълумотлари аввал қирғиз тилида, кейин эса расмий тилда берилиши лозим бўлган объектлар рўйхати кенгайтирилмоқда: белгилар, эълонлар, плакатлар, иш вақти ва огоҳлантиришлар, билдиришномалар.
Ҳуқуқбузарлик кодексига ўзгартиришлар киритилади: тил қонунчилиги бузганлик учун огоҳлантириш берилади ва юридик шахслар бир йил давомида қонунни такроран бузса, уларга нисбатан 170 ҳисоб кўрсаткигичи – 17 минг сом (195 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади. Бу билан Тил ва тил сиёсати масалалари бўйича ваколатли орган шуғулланади.