
Ҳиндистон Миллий Тиббиёт Комиссияси (NMC) абитуриентларни Тошкент давлат тиббиёт университетининг (ТДТУ) Чирчиқ филиалига ўқишга кирмаслик ҳақида расмий огоҳлантирди, деб ёзади The New Indian Express.
Рўйхатга Белиздаги учта университет ҳам киритилган. NMC ушбу университетлар Ҳиндистонда ўрнатилган тиббий таълим стандартларига жавоб бермаслигини қайд этади. Асосий эътирозлар — академик ва клиник талабларга риоя қилмаслик, инфратузилманинг етарли эмаслиги, ўқув тўловлари оширилгани, ўқиш сифати ва шартларининг нотўғри кўрсатилгани билан боғлиқ. Бундан ташқари, талабалар ўқишни тўхтатганларида тўловларини қайтариб олишда муаммоларга дуч келгани қайд этилган.
NMC чет элда таҳсил олаётган ҳиндистонлик талабалар курс давомийлиги, ўқув режаси, ўқитиш тили, клиник амалиёт ва бошқа параметрлар бўйича стандартларни ўз ичига олган Хорижий Тиббиёт Лицензияси (FMGL) талабларига риоя қилишлари кераклигини эслатади. Ушбу талабларга риоя қилмаслик Ҳиндистонда тиббий амалиёт учун рўйхатдан ўтмасликка олиб келиши мумкин.
Юқорида қайд этилган хорижий университетларга ўчишга кирмаслик бўйича тавсия Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё департаменти иштирокида ўтказилган текширувлар натижаларига асосланади.
Танқидга жавобан ТДМУ Чирчиқ филиали 23 июл куни расмий баёнот билан чиқди. Унда таъкидланишича:
▪️ ОТМда ўқув жараёни миллий тиббий стандартлар ва Бутунжаҳон Тиббиёт таълими федерацияси (WFME) талаблари асосида ташкил этилган. Стандартларга қатъий риоя қилинади;
▪️ ТДТУ Чирчиқ филиали The World Directory of Medical Schools халқаро реестрига киритилган;
▪️ филиал замонавий ўқув бинолари, лабораториялар, симуляцион марказлар, электрон таълим платформалари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) ва талабаларга мўлжалланган турар жойлар барча зарур шароитлар билан таъминланган;
▪️ филиал фаолиятида шаффофлик, академик эркинлик, тенглик ва талабалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор тамойил ҳисобланади.
Филиал раҳбарияти NMC билан очиқ мулоқотга ва билдирилган хавотирларга жиддий муносабатда бўлишга тайёрлигини маълум қилган ҳолда, даъволарга асосланган маълумотлар жойида текширилмагани ва тасдиқланмаганига эътибор қаратади.
«Юқорида келтирилган асоссиз хабарлар орқали университет обрўсига путур етказишга уринишларни қатъиян рад этамиз. Халқаро ҳамжамият, айниқса Ҳиндистондаги талабалар ва уларнинг ота-оналарига ишонч билан маълум қиламизки, Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиалида тиббий таълим сифати ва халқаро стандартларга мувофиқлик доимий равишда таъминланмоқда», — дейилади ТДТУ Чирчиқ филиали матбуот хизмати хабарида.
ℹ️ 2025 йил апрель ойида ТДТУдаги ҳиндистонлик талабаларидан бири Reddit ижтимоий тармоғида университетни танқид қилиб, ўқитиш сифати пастлиги, ўқитувчиларнинг инглиз тилини етарли даражада билмаслиги ва ётоқхонадаги антисанитария ҳолатларини қайд этган эди. Орадан бир ой ўтиб Ўзбекистон Олий таълим вазири Қўнғратбай Шарипов ТДТУга ташриф буюриб, хорижлик талабалар, жумладан, ҳиндистонликлар билан суҳбатлашди. «Суҳбат давомида талабалар университетда яратилган замонавий шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, таълим сифати, профессор-ўқитувчилар билан мулоқот ва яшаш имкониятлари борасида ижобий фикрларни билдирдилар», – дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.