Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиарейслар сони уч баравар кўпайиб, ҳафтасига мингдан ошади

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги авиарейслар сони қарийб 3 баравар кўпайиб, ҳафтасига 1000 дан ортиқ рейсларни ташкил этади. Бу ҳақда икки давлат Транспорт вазирликлари 21-22-июль кунлари Москвада бўлиб ўтган музокаралар натижасида келишиб олди, деб хабар беради томонлар матбуот хизматлари.

Россия Транспорт вазири ўринбосари Владимир Потешкин ўзбекистонлик ҳамкасби Жамолиддин Назаров билан учрашувда Ўзбекистон Россиянинг авиация соҳасидаги стратегик ҳамкорларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. 2024 йил охирига келиб, Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга ташиш ҳажмини деярли 50 фоизга оширган. 2025 йилнинг январь-апрель ойларида йўловчиларни ташиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 фоизга ошган.

Ҳозирда Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳафтасига 307 рейс (Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра – «310 дан ортиқ!) билан 12 та авиакомпания парвозларни амалга оширмоқда. Томонлар бир қатор асосий йўналишлар бўйича максимал парвозлар сонини кенгайтиришга келишиб олдилар. Икки давлат авиакомпанияларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

▪️ Тошкент-Москва йўналиши бўйича ҳафтасига 50 та рейс (жами 100 та рейс);

▪️ Самарқанд-Москва йўналиши бўйича 23 та рейс (жами 46 та);

▪️ Бухоро, Урганч, Фарғона ва Намангандан Москва йўналишларига 14 тадан рейс (жами 112 та);

▪️ 14 та рейс Тошкент — Санкт-Петербург, Тошкент — Красноярск, Тошкент — Сочи йўналишларида (жами 42 та рейс);

▪️ бошқа йўналишларда 7 тадан рейс. Россия авиаташувчилари 80 та халқаро аэропортдан Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларига ҳафтасига 560 та, Ўзбекистон авиаташувчилари Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларидан Россиянинг 29 та йирик халқаро аэропортларига 203 та рейсни (юқоридагилардан ташқари) амалга оширишлари мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Россия ва Ўзбекистон авиакомпанияларига учта йўналишни бирлаштиришни назарда тутувчи «учбурчак» схемаси бўйича ташувчилар сони бўйича чекловларсиз бештагача қўшимча шаҳар танлаш ҳуқуқи берилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳаво қатновининг кенгайиши йўловчи ташиш ҳажмининг ошиши, туризм ва ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириши, шунингдек, икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ