Ўзбекистонда ёзги электр энергияси истеъмоли илк бор қишки максимал даражадан ошиб кетди

«Фарғона» фотосурати

Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли рекорди янгиланди: биринчи марта ёзги истеъмол ҳажми қишги истеъмол ҳажмини ортда қолдирди. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг Миллий диспетчерлик маркази хабар беради.

16 июлдан 21 июлгача бўлган аномал иссиқ даврда Ўзбекистон энергетика тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли ва юкламаси бўйича янги тарихий рекордлар қайд этилган. 18 июль кунлик истеъмол миқдори 272,6 млн кВт*соат, бу қишки максимумдан (271,8 млн кВт*соат) ва аввалги ёзги рекорддан (253,3 млн кВт*соат) ошиб кетган.

21 июль куни соат 17:00да максимал қувват 13,3 ГВтни ташкил этган — қишки максимал (12,5 ГВт) дан 0,8 ГВт юқори бўлган ва 2024 йил июл кўрсаткичларидан (11,8 ГВт) сезиларли даражада ошиб кетган.

Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилган, унда суткалик истеъмол — 32,4 млн кВт*соат (2024 йилда кузатилган максимал истеъмол — 30,5 млн кВт*соат)га етиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 33%га кўпни ташкил этган. Энг юқори юклама соат 14:52 да — 1811 МВт (2024 йили — 1680 МВт)ни ташкил қилган.

Жорий йил июль ойида Ўзбекистон пойтахтида ўртача истеъмол даражаси 7,6 фоизга ўсган, ой бошидан буён умумий ўсиш эса 11 фоизни ташкил этган.

Истеъмол юқори пайтларда электр тармоқларида узилишларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва унинг филиалларида туну кун ишлайдиган аварияга қарши махсус бригадалар ташкил этилган. Улар юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиб боришмоқда, дейилади Энергетика вазирлиги хабарида. Вазирлик тармоқ юкини камайтириш ва узилишлар хавфини минималлаштириш мақсадида истеъмолчиларни электр энергиясидан оқилона фойдаланишга чақиради.

ℹ️ Аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йили электр энергияси ишлаб чиқариш 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 4,2 фоизга ошиб, беш ой ичида 35,5 миллиард кВт/соатга етгани хабар қилинган эди. Электр энергияси экспорти 72,6 фоизга ошиб, 95,6 миллион долларни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ