Ўзбекистонда Док-1 Макс препаратидан ногирон бўлиб қолган қиз вафот этди

kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда йўталга қарши Док-1 Макс ҳинд сиропини истеъмол қилиш натижасида биринчи гуруҳ ногиронига айланган саккиз ёшли Муслима Зиёбоева вафот этди. Марҳум қизнинг отаси Илҳом Азимовнинг «Газете.uz»га айтишича, мудҳиш воқеа 3 июль куни содир бўлган.

Муслима 2016 йили Жиззах вилоятида туғилган, у 22 август куни 9 ёшга тўлган бўларди. Суд ҳужжатларига кўра, 2022 йил декабрь ойида шифокор қизга кунига уч марта Док-1 Макс қабул қилишни буюрган. Кўп ўтмай, беморнинг буйраги ишдан чиққан ва пешоб чиқармай қўйган. У дастлаб Жиззах касалхонасига ётқизилган, сўнг Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт марказига юборилган. Жиззахдан Тошкентга тез тиббий ёрдам машинасида олиб кетилаётганида қизча комага тушган ва 7 кундан сўнг ўзига келган.

Даволаш курсига қарамай, бемор биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Ўтган йил ноябрь ойида Док-1 Макс устидан суд жараёнида унинг ота-онаси қизи ўрнидан туролмаслиги, юра олмаслиги ва гапира олмаслиги, болани парвариш қилиш харажатлари ойига 10 миллион сўмдан (тахминан 800 доллар) ошиб кетганини айтишган. Ўшанда харажатлар миқдори 1 миллиард сўмдан (79 минг доллар) ошган эди.

3 июль куни Муслима вафот этган. Расмий маълумотларга кўра, у заҳарли дорининг 69-қурбонига айланган.

«Газета.uz»нинг ёзишича, суд ҳинд дорисидан жабрланганларга компенсация тўлаш ҳақидаги қарорига қарамай, кўпчилик пулни олмаганидан шикоят қилишмоқда. Фарзандлари ногирон бўлиб қолган ота-оналар бемор болаларининг соғлиғи ёмонлашиши мумкинлиги сабаб, зарурий даволанишни ўз вақтида таъминлаш учун зудлик билан пул тўланишини талаб қилишмоқда.

Шу билан бирга, пойтахт судларидан бирининг ходими Гулчеҳра Муродованинг тушунтиришича, ҳукм ҳалигача қонуний кучга кирмаган, чунки 2024 йил декабрь ойида судланганларнинг бир қисми апелляция шикояти берган. Шикоятларни кўриб чиқиш учун вақт керак бўлади – шу йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳар суди биринчи инстанция ҳукмини ўз кучида қолдирган. Шундан сўнг иш Учтепа туман судининг юрисдикциясига қайтарилиб, компенсация тўлаш бўйича ажрим Мажбурий ижро бюросига юборилган. Энди бу орган маблағларни тақсимлаш билан шуғулланиши керак.

ℹ️ 2022 йил кузидан 2023 йил январига қадар Ўзбекистонда болалар ўлими қайд этила бошланди, бунга Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Док-1 Макс препаратини қабул қилиш сабаб бўлган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат ҳудудида тарқатилаётган препарат партиясида этилен гликоль топилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Док-1 Макс дори воситаси лаборатория текширувидан ўтказишда меъёрий ҳужжатлар талаблари қўпол равишда бузилгани, натижада сифатсиз дори воситаларини сотишга йўл қўйилганини аниқлаган. 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган суд мажлисида дори ишлаб чиқарувчиси ва унинг ўзбекистонлик дистрибюторлари дорини маҳаллий бозорда илгари суриш учун шифокор ва фармацевтларга катта миқдорда пул тўлагани маълум қилинган эди.

5 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳинд сиропини ичиб вафот этган болалар сони 68 нафарга етгани, ногирон бўлиб қолган болалар ҳам борлиги маълум қилинди. Ишда 23 нафар айбланувчи бор эди.

26 февраль куни суд мазкур препаратни ишлаб чиқарган компания раҳбари, Ҳиндистон фуқароси Рагвендра Пратарни 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ўзбекистон Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг собиқ директори Сардор Қориев 18 йил, унинг икки ўринбосаридан бири 16 йил, яна бири 16,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Иш бўйича қолган судланувчиларга нисбатан енгилроқ жазо тайинланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ