Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг Октябр туман суди «Апрель ТВ» телеканалини тугатиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда ОАВ таҳририяти хабар берди.
Прокурор даъвосини қаноатлантирган қарор судя Толонду Самаков томонидан чиқарилган. Қарорда таҳририятнинг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларини ўчириш ёки блоклаш кўрсатилган.
Суд мажлисларида экспертлар тингланди. Тилшунос Таалайбек Абдикожоевнинг айтишича, телеканал материалларида ҳеч қандай тартибсизлик, зўравонлик ва адоватга чақириқлар топилмаган. Унинг сўзларига кўра, журналистлар ишида воқеаларга салбий баҳо берилган, аммо бу қонун бузилиши эмас. Сиёсатшунос Арсланбек Омурзоқов ҳам «Апрель ТВ» телеканали нашрларида экстремизм аломатларини топа олмаган, бироқ сарказм ва киноя «оммавий онгга таъсир этиб, ҳукуматга бўлган ишончни сусайтиради» деб таъкидлаган.
Психолог Вероника Терехованинг айтишича, баъзи томошабинлар сатирик материалларни ҳақиқий деб билишлари мумкин. «Бундай контентни мунтазам истеъмол қилиш раҳбарларнинг хатти-ҳаракатларини қадрсизлантириши ва одамларда раҳбарларнинг сиёсий танлови тўғрилигига шубҳа уйғотиши мумкин», — деб тушунтирган Терехова судда.
Қирғизистон Маданият вазирлиги вакиллари судда аввалроқ телерадиоканалга расмий огоҳлантириш ёки мурожаат йўлламаганликлари, қонунбузарликлар қайд этилмагани, «Апрель-ТВ» телеканали юзасидан прокуратурадан хат олмаганини маълум қилди. Шунга қарамай, Маданият вазирлиги прокурорнинг даъвосини қўллаб-қувватлаган.
Телерадиоканал адвокати Акмат Алагушевнинг таъкидлашича, суд мажлисларида прокуратура журналистлар томонидан бузилган қонунчиликнинг аниқ нормаларини айта олмаган.
Кўрсатилган далилларга қарамай, суд ОАВни ёпиш тўғрисида қарор чиқарган.
Июнь ойида «Апрель ТВ» телеканали раҳбарияти ўқувчилар ва томошабинларни таҳририятнинг ёпилиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантириб, ушбу оммавий ахборот воситасини тугатиш бўйича кутилаётган суд қарори туфайли жамоа қайтмаслиги мумкин бўлган таътилни эълон қилган.
ℹ️ Октябрь тумани прокуратураси жорий йил апрель ойида «Апрель ТВ» телеканали фаолиятидаги «бузғунчи фаолият» фактларини кўрсатиб, уни ёпиш тўғрисида судга даъво аризаси киритган. Қайд этилишича, «Апрель-ТВ» нашрларида амалдаги ҳукуматга нисбатан салбий характердаги лингвистик белгилар мавжуд. Даъво муаллифларининг таъкидлашича, киноя, масхара, танқидий видео коллажлар, ифодали нутқ ва бошловчиларнинг юз ифодалари томошабинларда ҳукуматга нисбатан салбий тасаввур уйғотади ва унинг обрўсига путур етказади. Телеканал бош муҳаррири Дмитрий Ложников аввалроқ таҳририят ҳар қандай суд қарорига бўйсунушини таъкидлаб, ҳукуматни танқид қилиш жиноят эмас, балки журналистиканинг асосий вазифаларидан бири эканини эслатиб ўтган.