Ўзбекистоннинг Германиядаги Бош консуллиги Қорақалпоқ давлат университетининг Work and Travel («Иш ва саёҳат») дастури бўйича Европа давлатига келган, бироқ «ташкилий камчиликлар» туфайли уй-жойсиз қолган 14 нафар талабасига ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Журналистларнинг фикрича, ёз мавсумида ишга келган ўзбекистонликлар «қийин аҳволга» тушиб қолишган, улар Германияга келган биринчи куниёқ иш жойига бора олишмаган. Талабалар шунчаки кўчада қолиб кетиш хавфида қолишган, бироқ бу ерда яшовчи ватандошлар уларга ёрдамга келган. Уларнинг ёрдами туфайли Work and Travel дастури иштирокчилари Франкфурт-Майндаги Бош консулликка етиб олишган.
Дипломатлар юзага келган муаммолар сабабларини ўрганиб, европалик иш берувчилар билан тузилган шартномаларни кўриб чиқишган. Шундан сўнг талабаларга Германияда яшаш қоидалари, шахсий хавфсизлик чораларига риоя қилиш ва ўз мулкларини ҳимоя қилиш зарурлиги тушунтирилган.
Кейин Бош консуллик ходимлари муаммога дуч келган ватандошларга Франкфуртда вақтинчалик яшаш учун меҳмонхонадан жой олишда ёрдам беришган. Шу билан бирга, дипломатлар иш берувчи ва ўзбекистонликлар ўртасида воситачи бўлган компания билан боғланган. Тадбиркорлар талабаларни иш билан таъминлаш масаласини алоҳида назоратга олишга ваъда беришган.
Таъкидлаш жоиз, Германияга келган ўзбекистонликлар билан ҳам худди шундай ҳолат 2023 йили юз берганди. Ўшанда Мюнхенда ҳеч ким кутиб олмагани учун 100 дан ортиқ талаба вокзалда тунашга мажбур бўлганди. Аниқлик киритилишича, Марказий Осиё республикаси фуқаролари Германияга Work and Travel дастури бўйича расман келишган, бироқ ишсиз ва уй-жойсиз кўчада қолишган.
Ўзбек мулозимлари кейинроқ аниқлашича, талабаларни мавсумий ишга жойлаштириш билан Turon World Cooperation хусусий агентлик шуғулланган ва кейинчалик у «муаммоларга дуч келган».