Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Марказий Осиёдаги биринчи офиси Тошкентда очилади

Гретель Агилар. Ўзбекистон экология вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Тошкентда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN) Марказий Осиёдаги биринчи офиси очилади. Ташкилот бош директори Гретель Агилар ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзуси шу бўлди, деб хабар беради Республика Экология вазирлиги матбуот хизмати.

Йиғилишда IUCN ваколатхонаси Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (Green University) жойлашгани таъкидланди. Бу халқаро тузилма фаолиятига талабалар, ёш олимлар ва тадқиқотчиларни кенг жалб этиш баробарида илмий жамоатчилик билан яқин алоқаларни ўрнатиш имконини беради.

Таъкидланганидек, идора бутун минтақа учун муҳим рол ўйнайди. Унинг фаолиятида асосий эътибор мутахассисларни тайёрлаш, тажриба алмашиш ва экология идоралари ходимларини амалиёт ўташига қаратилади.

Бундан ташқари, томонлар IUCN нинг Тошкентдаги ваколатхонаси табиатни муҳофаза қилиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш, Ўзбекистоннинг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастрини юритишда халқаро стандартларни жорий этиш, мамлакатнинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари учун «Халқаро яшил» сертификат олишнинг самарали воситасига айланишига ишонч билдирди.

Гретель Агилар ташкилотнинг Марказий Осиёда ваколатхонаси очилишини қўллаб-қувватлагани учун республика ҳукуматига миннатдорлик билдириб, бу қадамни стратегик муҳим ва ўзаро манфаатли қарор деб атади. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2021 йили IUCNга аъзо бўлганидан буён мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биологик хилма-хилликни сақлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашда сезиларли ютуқларга эришди.

«Биз Ўзбекистонни фаолиятимизни фаоллаштириш учун минтақага олиб борадиган асосий дарвоза сифатида кўрамиз», — деди Агилар.

Музокаралар давомида, шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастри бўйича лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, IUCNнинг Green University билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, Марказий Осиё республикасида йирик халқаро тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ