2005 йил май ойида Андижон турмасидан қочган маҳкум жазони охиригача ўташ учун ватанига қайтган

Андижон, 2005 йил 13 май. kommersant.ru сайти фотосурати

2005 йил 13 май куни Анжидондан турмасидан оммавий қочишда иштирок этган маҳбус Ўзбекистонга қайтиб келган ва жазо муддатининг қолган қисмини ўташ учун қамоққа жўнатилган. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Хамитбек Юсуфжонов бир неча бор қамалган, биринчи марта 16 ёшида судланган. 2004 йил май ойида у қотиллик ва талончиликда айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилган. Дастлабки уч йилни қаттиқ режимли қамоқхонада ўташ керак бўлган. 2004 йил октябрь ойида Андижон вилояти ИИБ ҳузуридаги 3-сонли тергов изоляторига ўтказилган ва у ерда 2005 йил 12 майгача бўлган.

13 майга ўтар кечаси қуролли гуруҳ – расмий маълумотларга кўра, «Акромийлар» диний-экстремистик гуруҳи аъзолари ўз сафдошларини озод қилиш мақсадида Андижон турмасига ҳужум қилган. Шу билан бирга, бошқа маҳбусларнинг бир қисми, жумладан, Хамитбек Юсуфжонов ҳам қочиб қолган.

«Улар ҳокимиятни эгаллашларини айтишди. Камерадаги нарсаларимни йиғиштириб, барча маҳбуслар қатори турмадан чиқдим. Турмадан чиқаётган вақтимда бир нечта ИИБ ходимлари яраланиб ётганини кўрдим. Шунда турмага қуролли ҳужум уюштирилганини билдим. Турмадан чиққанда террорчилар йўлни тўсиб олишди. Улар барча ўнг томондаги кўча орқали ҳаракатланиши, Андижон вилояти ҳокимияти томонга бориш кераклигини тушунтирди», — дейди у 15 йилдан сўнг судда.

Юсуфжонов Қирғизистонга етиб олишга муваффақ бўлади, у ердан Қозоғистонга йўл олади ва у ерда сохта исм – Акромжон номи билан яшай бошлайди. У иш топади, оила қуради, лекин хотини унинг ҳақиқий исмини билмаган. Фақат 2020 йил май ойида у уй соғинчи туфайли айбини тан олишга қарор қилади. Юсуфжонов ҳудудий профилактика инспекторини чақириб, унга исми Акромжон эмас, аслида Ҳамидбек эканини айтади. Шундан сўнг туман прокуратураси ва ИИБ ходимлари келиб, унинг бармоқ изларини олишади. Улар Ўзбекистонда унга нисбатан қидирув эълон қилинганини, терроризм жиноятини содир этганликда айбланаётганини маълум қилишади.

Юсуфжонов террорчилик ҳаракатларида қатнашмаганини, «Акромийлар» аъзоларини танимаслигини, турмадан иложи йўқлиги учун чиқиб кетганини айтган. Қилган ишидан пушаймонлигини билдирган Ҳамидбек Юсуфжанов суддан ўзига енгиллик сўраган. 2021 йили Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди унга қўйилган оғир айбловларнинг аксариятини далил йўқлиги сабабли олиб ташлаган, фақат қамоқхонадан қочиш айбини қўйган, бироқ даъво муддати ўтгани сабабли у ҳам олиб ташланган. Бироқ, 20 йиллик қамоқ жазоси тўлиқ ўталмагани учун Юсуфжонов қамоқхонага қайтади ва жазони ўташда давом этмоқда. Ҳозир у 49 ёшда.

ℹ️ Расмий версияга кўра, 2005 йил 13 майга ўтар кечаси ва эртаси куни Андижонда қуролли гуруҳ қамоқхона ва бир қатор ҳукумат биноларига ҳужум қилиб, 12 нафар ҳуқуқ-тартибот ходимини ўлдирган ва 334 та қуролни тортиб олган. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари террорчилар жами 70 кишини гаровга олгани, улардан 15 киши ўлганини маълум қилган. Кейинчалик шаҳарга қўшин киритилган. Расмий маълумотларга кўра, Андижон воқеаларида 187 киши ҳалок бўлган. Ҳуқуқ ҳимоячилари қурбонлар сонини 500 дан 1500 кишигача бўлганини тахмин қилишган, ўлганлар орасида аёллар, болалар ва қариялар кўп бўлган. Ўша фожиали кунда содир бўлган воқеалар Ўзбекистон тарихига Андижон воқеалари номи билан киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ