Футбол бўйича Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичининг иккита учрашувида ғалаба қозониб, турнирнинг плей-офф босқичи ва ёшлар ўртасидаги 2025 йилги жаҳон чемпионатига йўлланмаларни кафолатлади.
Ўзбекистонлик футболчилар Осиё Кубоги гуруҳ босқичида таиландлик (4:1) ва хитойлик (2:1) тенгдошларини мағлуб этиб, гуруҳда камида иккинчи ўринни қўлга киритди ва бу уларга чорак финалга чиқиш ҳуқуқини беради. Ўзбекистон терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига ҳам автоматик тарзда йўлланма олди.
9 апрель куни гуруҳ босқичининг сўнгги турида Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳда биринчи ўрин учун Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради.
Шунингдек, Осиё Кубогида Тожикистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда ва биринчи учрашувда Уммонга қарши баҳсда ғалаба қозонди (2:1). Иккинчи давра учрашувида тожикистонликлар КХДР термаси билан тўқнаш келишади ва ғалаба қозонган тақдирда турнирнинг плей-офф йўлланмаси ва жаҳон чемпионатидаги иштирокини қўлга киритади.
3-20 апрель кунлари Саудия Арабистонида футбол бўйича U-17 Осиё Кубоги бўлиб ўтмоқда. Мусобақада 16 жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этмоқда. Ҳар бир гуруҳдан иккита жамоа турнирнинг плей-офф босқичига чиқади. Барча чорак финалчилар жаҳон чемпионатига йўлланма олади.
3-27 ноябрь кунлари Қатарда футбол бўйича U-17 жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Турнирда илк бор 48та жамоа иштирок этади. Илгари ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилар эди, бундан буён чемпионатлар ҳар йили ўтказилади.