Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги янги автомагистрал лойиҳасининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилди

autostrada.uz сайти фотосурати

Тошкентни Андижон ва Самарқанд билан боғлайдиган йўлларни қуриш лойиҳалари тегишли тендер ва техник-иқтисодий асослаш (ТИА) босқичида. Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевга мазкур ташаббусларни амалга оширишнинг бориши ҳақида маълумот берди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати

Мамлакат раҳбарининг 2023 йил 10 октабрдаги қарорида замонавий автомобиль йўлларини яратиш истиқболлари белгилаб берилгани таъкидланди.Ҳужжатга кўра, республика пойтахти ва бошқа шаҳарлар ўртасида янги йўналишлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Жаҳон банки иштирокида Тошкент-Андижон автомобиль йўли лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жорий йил январь ойида тегишли тендер эълон қилинган эди. Расмийларга кўра, қисқа вақт ичида 30 дан ортиқ хорижий компания лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирган. Янги йўлнинг узунлиги 314 километр бўлиши кутилмоқда. Тезюрар магистрал шаҳарлар ўртасидаги қатнов вақтини 5 соатдан 3 соатгача қисқартиради. Шу билан бирга, мазкур автомагистралнинг фойдаланишга топширилиши йўл-транспорт ҳодисалари сонини 40 фоизга камайтириши ҳамда ялпи ички маҳсулотнинг 2,6 фоизга ошишига ҳам олиб келиши кутилмоқда.

Яна бир лойиҳа Тошкент билан Самарқандни боғловчи қўшимча йўл қуришга қаратилган. Хорижий мутахассислар иштирокида унинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилган. Бу янги йўлнинг узунлиги 300 километр атрофида бўлади. Унинг натижасида Тошкент билан Самарқанд ўртасида қатнов вақти 4,5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Ҳозирги мавжуд йўлда тирбандлик анча камаяди.

Янги йўллар барча замонавий талабларга жавоб берадиган, муқобил ва қулай бўлади. Уларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун турли пуллик хизматлар йўлга қўйилади. Бунёдкорлик жараёнида маҳаллий қурилиш корхоналари ҳам қатнашиши мумкин бўлади.

Йиғилишда муқобил вариантларни яратиш зарурлиги яна бир бор муҳокама қилинди. Ўзбекистонда жами 184 минг километрдан зиёд автомобиль йўли бор. Таҳлилларга кўра, халқаро аҳамиятга эга йўлларнинг 25 фоизи катта юкламада ишлаяпти. Масалан, кунига 32 минг автомобилга мўлжалланган «Тошкент – Самарқанд» йўлида 45 мингта транспорт қатнаяпти. Тирбандлик сабабли баъзан бунга 6 соатгача вақт кетаяпти. 2030 йилга бориб ҳаракат жадаллиги 80 мингдан ошиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ