Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда сув хавфсизлигини яхшилаш учун 125 миллион доллар кредит ажратади

yuz.uz сайти фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) сув хавфсизлигини яхшилаш, сув таъминоти тизимини модернизация қилиш ва секторнинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш учун Ўзбекистонга 125 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда халқаро молия ташкилотига таяниб Uzdaily.uz хабар берди.

Қайд этилишича, лойиҳанинг амалга оширилиши «Ўзсувтаъминот» корхонаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига республика бўйлаб сув ҳисоблагичларини ўрнатишни якунлаш имконини беради. Мутахассислар, шунингдек, сув таъминоти ва канализация объектларини, жумладан, 4 миллионга яқин мижоз уланишини инвентаризация қилади.

ОТБ кредити ҳисобидан молиялаштириладиган тадбирлар дастури давлат хизматларини бошқаришнинг яхлит ахборот тизимини ишга тушириш ва ресурслардан фойдаланиш устидан назоратни яхшилашни ўз ичига олади. Янги технологияларнинг жорий этилиши молиявий ҳисоботларнинг шаффофлигини ошириш ва халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлайди.

Бундан ташқари, ушбу чора-тадбирлар фойдаланиш харажатларини камайтиришга, сув таъминоти корхонаси ходимлари самарадорлигини оширишга ва аҳолига кўрсатилаётган хизматларни яхшилашга олиб келади.

ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий миссияси директори Канокпан Лао-Арая таъкидлаганидек, иқлим ўзгариши ва норационал фойдаланиш туфайли республика сув ресурслари жиддий хавф остида. Шу боис, ушбу лойиҳа жуда муҳим, чунки у энергия сарфини камайтириш ва мамлакатдаги углерод изини камайтиришга қаратилган.

ℹ️ Ўзбекистон 1995 йили ОТБга аъзо бўлган. Орадан уч йил ўтиб, мамлакатда банкнинг ваколатхонаси очилган. Бугунги кунга қадар республикага кредитлар, грантлар ва техник ёрдам кўринишида ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 14,3 миллиард долларни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ