Самарқанд вилоятидаги энергетика корхоналарининг етти нафар ходими коррупцияга қарши курашга бағишланган йиғилишда қўлга олинди. Уларнинг барчаси коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ўзининг Telegram-каналда.
14 февраль куни Самарқанд шаҳрида Республика Бош прокурори ўринбосари Шоҳрух Аминов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий мавзуси энергетика соҳасини коррупциядан холи қилиш масалаларига бағишланди. Мажлисда «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятлари Самарқанд вилояти ҳамда туманлар ва шаҳарлар филиаллари ходимлари, шунингдек, бошқа масъуллар иштирок этди.
Йиғилиш жараёнида таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда гумонланган 7 нафар ходими процессуал тартибда ушланган. Барча гумонланувчилар қўллари кишанланган ҳолда залдан олиб кетилган. Уларга нисбатан тергов давомида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тадбир якунида Бош прокуратура ходимлари томонидан соҳадаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида таъминот корхоналари раҳбарларига соҳада кескин ўзгаришлар қилиш, ижро ва меҳнат интизомини қатъий таъминлаш, айниқса, ходимлар ўртасида профилактика чораларини янада кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Марказий Осиё мамлакатларида маълум бир соҳага бағишланган мажлисда мансабдор шахсларни ҳибсга олиш ҳолатлари аввал ҳам юз берган. Масалан, жорий йилнинг 5 февраль куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ҳам худди шундай воқеа қайд этилган. Шаҳар ҳокими Ғабит Сиздиқбеков ўз қўл остидагилар билан йиғилиш ўтказган ва унда Коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходимлари турар-жой биноларининг сейсмик чидамлилигини ўрганиш бўйича технологик ишлар учун ажратилган 120 миллион тенге (242 минг доллардан ортиқ) миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштиришда гумон қилинган уй-жой бошқармаси бошлиғини ҳибсга олган.
«Яна бир бор эслатиб ўтаман, ноқонуний бойиб кетиш йўлларини қидиришни бас қилинг. Биз давлат хизмати вакилларимиз», — деган Чимкент ҳокими мулозимларга мазкур воқеага изоҳ бераркан.