Ўзбекистон афғон учувчилари томонидан ўғирлаб кетилган вертолётларнинг бир қисмини АҚШга қайтарган

BLACK HAWK ВЕРТОЛЁТИ. LOCKHEEDMARTIN.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон 2021 йил август ойида Афғонистондан афғон учувчилари томонидан ўғирлаб кетилган еттита Black Hawk вертолётини АҚШга қайтарган. Бу ҳақда 31 январь куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида Республика Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллигига бағишланган тадбир ҳақида сўзлаб берган «Америка Овози» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган) хабар берди.

Тадбирда Тошкент ва Вашингтон хавфсизлик ва мудофаа соҳасида стратегик шерик экани қайд этилди. Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов ўз мамлакати АҚШ билан барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини маълум қилди. У икки давлат хавфсизлик идоралари ва қуролли кучлари ўртасида узоқ йиллик тажриба алмашинуви ва қўшма дастурлар муҳимлигини қайд этди.

Сидиқов кейинги йилларда Ўзбекистон Қуролли Кучларида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилаётгани бугунги кунда мамлакат мустақиллиги ва тинчлигининг кафолати эканини алоҳида таъкидлаган. Элчи, шунингдек, АҚШнинг кўмаги, жумладан, Марказий қўмондонлик ва бошқа органлар билан мулоқот Ўзбекистон салоҳиятини оширишда муҳим рол ўйнашига урғу берган.

АҚШ Мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Дэвис Флорик Америка ва Ўзбекистон мустаҳкам ўзаро ишонч ва самарали мулоқотга эга ишончли ҳамкорлар эканини таъкидлаган. Мудофаа масалалари бўйича мулоқот юксак савияда ва мазмунли ўтаётганини қайд этган. Флорикнинг АҚШ Ўзбекистон билан нафақат икки томонлама, балки Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳам фаол ҳамкорлик қилаётганини маълум қилган. Пентагон бирлашган штаб бошлиқлари қўмитасидан контр-адмирал Эрин Осборннинг қўшимча қилишича, икки давлат ҳарбийлари мустаҳкам ҳамкорликка эга ва бир-бирига таянади.

Контр-адмирал, шунингдек, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари билан разведка соҳасида ҳамкорлик Пентагон томонидан бутун минтақа тинчлигига сармоя сифатида қаралишини таъкидлаган. У ҳарбий машғулотлар, тайёргарликлар, чегара хавфсизлиги, наркотикларга қарши кураш ва разведка каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш муҳимлигини маълум қилган.

ℹ️ 2021 йил август ойида «Толибон»* радикал ҳаракати шиддат билан ҳужум қилаётган пайтда афғон учувчилари Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли самолёт ва вертолётларда ўз хизматдошлари ва оила аъзоларини Ўзбекистон ва Тожикистонга эвакуация қилишган. Бу самолётлар бир вақтлар Вашингтон томонидан афғон армиясига топширилган. Пентагон маълумотларига кўра, ўғирлаб кетилган самолётларнинг 46 таси Ўзбекистонда, 18 таси Тожикистонда бўлган.

2022 йил апрелида Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев авиатехникани Америка ҳукуматига қайтариш нияти борлигини, зеро бу учун АҚШ ҳукумати ҳақ тўлаганини таъкидлаган эди. «Бу қарор бутунлай Вашингтонга боғлиқ», — деганди у

Шунга қарамай, «Толибон» вакиллари ўғирлаб кетилган вертолётлар афғон халқининг мулки сифатида Афғонистонга қайтарилиши кераклигини таъкидлашганди.

2021 йил сентябрида АҚШ Афғонистондаги терроризмга қарши курашда ёрдам кўрсатиш эвазига ўғирлаб кетилган самолётларни топшириш бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон билан музокаралар олиб бораётгани маълум бўлди. 31 январь куни Вашингтонда бўлиб ўтган тадбирда АҚШ Ўзбекистонга ўнлаб Афғонистон самолёт ва вертолётларини қолдиргани таъкидланган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).