Ўзбекистон 2024 йили 4 миллиард доллар миқдорида еврооблигациялар чиқариб, рекорд ўрнатди

rbk.ru сайти фотосурати

2024 йили Ўзбекистон ҳукумати ва маҳаллий компаниялар 4 миллиард долларлик еврооблигациялар чиқариш бўйича рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Avesta Investment Group инвестиция компанияси ҳисоботига таяниб, Spot.uz хабар берди.

Жами 12 та еврооблигацияларни жойлаштириш амалга оширилди, бу ўтган йиллардаги ҳажмдан тўрт баробар кўпдир. Шундан 81 фоизи (3,3 миллиард доллар) хорижий валютада, қолган 19 фоизи (0,8 миллиард доллар) миллий валютада муомалага чиқарилган.

Хорижий валютадаги еврооблигациялар бўйича ўртача купон ставкаси 7,5 фоизни ташкил этган бўлса, маҳаллий облигациялар бўйича бу кўрсаткич 20 фоиздан ошган.

Хусусан, май ойида ҳукумат томонидан 1,5 миллиард долларлик еврооблигациялар чиқарилган бўлиб, шундан атиги 300 миллион доллари миллий валютада жойлаштирилган. Қолган 2,6 миллиард доллар бир неча йирик компаниялардан тушган:

✅ Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) 1 миллиард долларлик дебют еврооблигацияларини чиқарган ва 2025 йили яна 500 миллион долларлик жойлаштиришни режалаштирмоқда;

✅ «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан 400 миллион доллар ва 2,25 триллион сўмлик (174,4 миллион доллар) еврооблигациялар чиқарилган;

✅ Агробанк – 400 миллион доллар ва 700 миллиард сўмга (54,2 миллион доллар);

✅ Ўзмиллийбанк – 300 миллион доллар ва 1,4 триллион сўм (108,5 миллион доллар);

✅ Ипотека-банк — 1,4 триллион сўм (108,5 миллион доллар).

Бундан ташқари, 2024 йил якунига кўра муомаладаги ва қайтариб олинмаган давлат қимматли қоғозларининг жойлаштирилган ҳажми 2,4 баробарга ошиб, 24,6 триллион сўмни (1,9 миллиард доллар) ташкил этган. Жами 74 та жойлаштириш ўтказилган (ўсиш 2,3 баробар), ўртача йиллик ҳосилдорлик 16,8%ни (2023-йилда – 17,1%) ташкил этган.

ℹ️ Еврооблигациялар — бу қарз олувчилар (компаниялар ёки ҳукуматлар) томонидан Европа молия бозорида исталган евровалютада узоқ муддатли кредит олишда чиқарилган халқаро қарз мажбуриятларидир. Уларни сотиб олган чет элликлар белгиланган тўловларни ва муддат охирида кредитнинг асосий суммасини олади.»

Ўзбекистон 2019 йили «катта учлик» — Fitch, Moody’s ва Standard & Poor’s агентликлари рейтингини олганидан сўнг евробондларни жойлаштиришни бошлади.