Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси департаменининг собиқ раҳбари Руслан Искақов 2022 йил январь воқеалари иши бўйича 15 йилу 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳукм 27 январь куни Олмаота судида эълон қилинди, деб ёзади Tengrinews.kz. Худди шу ишда криминал авторитет Арман Жумагелдиев («Ёввойи») 20 йилга, Олмаоталик собиқ депутат ва тадбиркор Қайрат Кудайберген эса 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Мазкур иш бўйича бир неча ўнлаб одамлар турли хил қамоқ жазоларини олдилар. Суд жараёни матбуот учун ёпиқ ҳолатда ўтган, журналистлар фақат дастлабки бир неча мажлисга киритилган. Ўшанда собиқ чекист Искақов январь воқеаларида Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Самат Абишнинг буйруғини бажарганини айтишга муваффақ бўлган. Абиш МХҚнинг 5-департаментини назорат қилган, полковник Искақов эса унинг бевосита қўл остида ишлаган.
Искаковнинг таъкидлашича, айнан Назарбоевнинг жияни Олмаотада юз берган тартибсизлик пайтида унга шаҳарда тартиб ўрнатиш учун Қозоғистондаги таниқли криминал авторитет Арман Жумагелдиев («Ёввойи») дан ёрдам сўрашни буюрган. У буйруқни мутлақо асосли деб ҳисоблаган, бироқ кейинчалик Абиш ўзини панага тортган. Искақов ва Жумагелдиев тартибсизликларни уюштирганликда айбланган. Ўтган йил баҳорида собиқ президентнинг жияни тартибсизликлар бўйича шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Тергов маълумотларига кўра, Ёввойи Арман МХҚ куратори раҳбарлигида оломон устидан назоратни ўз қўлига олиши ва ҳокимиятга ултиматум қўйиш учун «халқ кенгаши»ни тузиши керак бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у ва унинг одамлари намойишчиларни ушлаб, калтаклаган ва қийноққа солган. Натижада бир киши ҳалок бўлган.
Жумагелдиев бунинг тескарисини айтган: гўёки Искақов унга одамларни ҳокимиятдан (кейинчалик ёниб кетган Олмаота мэрияси биноси) қутқариш, намойишчиларни тинчлантириш ва ижтимоий объектларни ҳимояга олишни сўраб мурожаат қилган. Арман Жумагелдиев илтимосга жавобан тартибсизлик ҳукм сураётган шаҳар марказига келган. Унинг одамлари талончиларни ушлаб, полицияга топширишга ҳаракат қилишган, лекин ҳеч ким уларни қабул қилишни хоҳламаган. Аслида, тартибсизликлар пайтида криминал авторитет хавфсизлик кучлари функциясини ўз зиммасига олган — унинг ҳимоя чизиғи шу версияга асосланган.
Собиқ депутат Кудайберген тартибсизлик иштирокчиларини Жумагелдиевга қўшилишга чақирганликда айбланган. Тергов маълумотларига кўра, у Олмаотада йиғилганларни Ёввойи Арманни қўллаб-қувватлашга ва ҳокимиятга ягона талаблар қўйишга чақирган, шунингдек, уюшган тарафдорларни алоҳида гуруҳларга бўлиб, ўзига хос белги сифатида қўлларига оқ боғич тақишни буюрган. Кудайберген 2022 йил 22 апрелда ҳибсга олинган ва шу кундан бери ҳибсда сақланган.
2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар юз берди. Унинг иштирокчилар полиция ва ҳарбий хизматчиларга ҳужум қилишган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилиб, КХШТдан ёрдам сўраган. 7 январга келиб вазият барқарорлашган. Расмийларга кўра, тартибсизликлар натижасида 230 киши ҳалок бўлган, 4500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Январь воқеалари ортидан мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбарлари ҳибсга олиниб, судланди. Жумладан, Қозоғистон МХҚ собиқ раҳбари Карим Масимов давлатга хиёнат ва ҳокимиятни эгаллаб олишга уринишда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилди.