Қирғизистон Молия вазирлиги мамлакатда биринчи давлат криптовалюта биржасини рўйхатдан ўтказди

investmentexecutive.com сайти фотосурати

Қирғизистон Молия вазирлиги мамлакатдаги биринчи давлат криптовалюта биржаси – Coin National Exchange компаниясини рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда «Акчабар» нашри хабар берди.

Ушбу корхона очиқ акциядорлик жамияти сифатида фаолият юритади. Компаниянинг асосий фаолияти молия бозорини бошқаришдир. ОАВ таъкидлашича, қоида тариқасида, классик ва криптовалюта биржалари ушбу туркумда рўйхатга олинади. Аммо, ОАЖ номидан келиб чиқадиган бўлсак, унинг асосий йўналиши виртуал тўлов воситалари операциялари бўлади.

Таъкидланишича, бугунги кунда молия бозорини бошқариш соҳасида фаолият юритувчи корхоналар қаторига Қирғизистон фонд биржаси, БТС биржаси, универсал EVDE биржаси ва бир қатор криптобиржалар киради.

Coin National Exchange 2024 йил 30 декабрда расман Республика Адлия вазирлиги реестрига киритилган. Очиқ маълумотлар базасида жойлаштирилган маълумотларга кўра, компания давлат ташкилоти ҳисобланади. Унинг ягона акциядори Қирғизистон Молия вазирлигидир. Корхона раҳбари сифатида Бийболот Мамитов кўрсатилган. ОАЖнинг юридик манзили: Бишкек, Раззоқова кўч, 17.

Шунингдек, ўтган йили ҳукумат томонидан Coin National Exchangeнинг бошланғич устав капиталини шакллантириш учун республика бюджетидан 100 миллион сом ажратилгани ҳам маълум.

ℹ️ Марказий Осиё мамлакатларида виртуал пул савдосига муносабат турлича. Масалан, Ўзбекистонда бундай операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширишга рухсат берилган. Натижада, 2022 йили Binance ва бошқа халқаро биржаларнинг веб-сайтлари блокланган ва компаниялар жаримага тортилган.

Шу йил январь ойида дунёнинг энг йирик криптовалюта биржаси Binance Ўзбекистонда фаолият юритиш учун рухсат олгани ҳақида хабар берилган эди. Расмийларнинг аниқлик киритишича, компания мамлакатда маҳаллий ҳамкори орқали иш олиб боради, шунингдек, суд томонидан қўйилган барча жарималарни ҳам тўлаган.

ℹ️ 2023 йили Қирғизистон президенти Садир Жапаров майнинг фермалар давлатга фойдали эканини айтганди. Унга кўра, криптовалюта ишлаб чиқарувчилари электр энергияси учун оширилган нархларни тўлайдилар ва бюджетга сезиларли солиқларни ўтказадилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ