АҚШ Миграция хизмати рекорд даражада — 572 нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилган

forumdaily.com сайти фотосурати

2023 йил сентябридан жорий йил сентябрига қадар АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати 572 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборган. Бу кўрсаткич бир йил аввал қайд этилган кўрсаткичдан 6,5 баравар кўп, ўшанда ўз ватанига депортация қилинган ўзбекистонликлар 88 нафарни ташкил қилганди. Тегишли маълумотлар Америка департаменти ҳисоботида келтирилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, ватанига мажбуран жўнатилган Ўзбекистон фуқароларининг кўпайиши Марказий Осиёдан АҚШга кўчиб ўтмоқчи бўлганлар сони ортиб бораётгани билан боғлиқ. Баъзан улар Мексика, Колумбия, Боливия ва бошқа мамлакатлар орқали мураккаб ва ҳар доим ҳам қонуний бўлмаган йўллардан фойдаланадилар.

АҚШ расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилдан 2023 йилгача 13,6 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси Мексикадан АҚШга киришга уринган. Умуман олганда, ўтган йили давлат чегарасининг ушбу қисмида патрул хизмати ходимлари томонидан Марказий Осиё давлатларининг 50 мингдан ортиқ вакиллари қўлга олинган.

Расмийларнинг эслашича, жорий йил февраль ойида бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ноқонуний депортация қилингани учун президент Жо Байден маъмуриятини судга берган эди. Аммо даъвони кўриб чиқиш қандай якунлангани аниқланмаган.

Иммиграция ва божхона назорати ҳам Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтиши билан мамлакатга келаётган хорижликлар билан боғлиқ вазият янада кескинлашишини тахмин қилади. Прогноз янги давлат раҳбари томонидан АҚШнинг миграция сиёсатини кучайтириш бўйича қайта-қайта айтилган режаларга асосланади.

Ўзбекистон фуқароларини депортация қилиш бўйича кўрсаткични солиштирадиган бўлсак, бу рақам Россия фуқароларини чиқариб юборишдан ҳам ошиб кетади. Ҳисобот даврида Россия Федерациясига суд қарори билан 464 нафар фуқаро юборилган.

Марказий Осиёнинг бошқа республикалари бўйича статистик маълумотлар қуйидагича:

✅ Тожикистон — 77;

✅ Қирғизистон — 69;

✅ Қозоғистон — 23;

✅ Туркманистон — 5.

АҚШдан ўз ватанига депортация қилинган фуқаролар сони бўйича етакчи ўринларни Мексика, Гватемала, Гондурас, Сальвадор, Колумбия ва Эквадор эгаллаган. Бу мамлакатларга ўн минглаб мигрантлар қайтариб юборилган.

Умуман олганда, судлар ҳисобот даврида АҚШдан ташқарига 271 484 нафар хорижликни чиқариб юборган, бу аввалги кўрсаткичдан — 142 580 деярли икки баравар кўп.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ